Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари 30 апрелгача ҚҚСдан озод қилинди
Жамият
−
11 Январь 2022
6736Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Қўшилган қиймат солиғи бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев хабар бермоқда.
Унга кўра 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
• ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Шунингдек, 2021 йил 10 октябрдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Таъкидлаш ўринлики, ушбу қонунни қабул килиш Давлат бюджетининг 800,0 млрд cўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда Парламент томонидан 2021 йил 1 майдан 31 декабргача бўлган муддатда кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш ҚҚСдан озод этилганди.
LiveБарчаси