Айрим мигрантларнинг Россияга кириши умрбодга тақиқланиши мумкин

Олам

image

Россия Давлат думасидаги “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия – За правду”) фракцияси депутатлари оғир жиноятлар бўйича судланган мигрантларга Россияга киришни умрбодга тақиқловчи қонун лойиҳасини парламентга тақдим этади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Лойиҳа муаллифи – партия етакчиси ва Давлат думасидаги фракция раҳбари Сергей Миронов. Партия матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қонун лойиҳаси Давлат думаси кўриб чиқиши учун бугун, 4 август куни киритилади.

Лойиҳанинг изоҳ қисмида айтилишича, ҳужжат Россия Федерацияси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва миллий хавфсизликни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Унга кўра, оғир жиноятлар содир этган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, судлангани олиб ташланган ёки тугатилган бўлишидан қатъи назар Россияга умрбод кириш тақиқланади. Бу қоидалар жиноят Россия ҳудудида ёки чет элда содир этилганига ҳам боғлиқ бўлмайди.

Миронов РИА Новости билан суҳбатда қонун лойиҳаси Россия ҳудудида оғир жиноятларни қайта содир этилиш хавфини жиддий камайтиришга хизмат қилишини айтган. Унинг фикрича, бу қонун Россия фуқаролари хавфсизлигига таҳдид солувчи, жиноят содир этиши мумкин бўлган мигрантларнинг мамлакатга киришини қатъий ҳуқуқий тўсиқ билан чеклайди.

“Киришга қўйиладиган тақиқ судланганлик олиб ташланганига ёки тугатилганига қарамай амал қилиши керак”, дейди парламент аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думасининг Меҳнат, ижтимоий сиёсат ва фахрийлар ишлари бўйича қўмитаси раиси Ярослав Нилов Россияга борган чет элликларнинг болалари рус мактабларида ёши ва синфидан қатъи назар, фақат тўлов асосида ўқиши керак эканини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрантлар Сергей Миронов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг