Айрим инспекторлар болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд – Мирзиёев
Жамият
−
28 Июль 2023
8882Ўзбекистон бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келиши маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Фарғонада бўлиб ўтаётган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, ўтган олти ойда маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган.
Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берган.
Ижтимоий-иқтисодий муаммоси ҳал этилмаса жиноят йўлига кириш эҳтимоли юқори аҳоли қатлами билан янгича ишлаш тизими жорий қилинган эди. Унга кўра, бундай тоифага кирувчи аҳоли “ижтимоий профилактика” тамойили асосида “маҳалла бешлиги”га номма-ном бириктирилган.
“Лекин, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бу масаланинг ичига чуқур кирмаган, “маҳалла бешлиги” учун на бир методика, на бир қўлланма ишлаб чиққан”, дейилади хабарда.
Оқибатда ушбу янги тизим 9 минг 400 та маҳалладан бор-йўғи 20 тасида ишлаяпти.
“Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари эса боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд. Тизимда стажи 3 йилгача бўлган, энди тажриба тўплаётган профилактика инспекторларини криминоген оғир маҳаллага қўйиш амалиёти ҳалигача давом этмоқда. Аксинча, “яхши” маҳаллаларда эса кўп йиллик тажрибаси бор ходимлар хизмат қилмоқда”, дейди Президент.
Шунингдек, Ички ишлар вазирига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатиб ўтилган.
LiveБарчаси