Аёл адашиб 1 кг олтинни чиқиндига ташлаб юборди (видео)
Олам
−
16:18 6377 1 дақиқа
Туркиялик аёл ичида олтин бўлган пакетни чиқинди деб ўйлаб, уни адашиб чиқиндига ташлаб юборди. Ҳозирда тегишли хизматлар видеокузатув камераларидаги ёзувларни ўрганмоқда. Бу ҳақда бугун, 27 июнь куни IHA хабар берди.
Қайд этилишича, Туркиянинг Бурса шаҳрида истиқомат қилувчи аёл ичида бир килограмм олтин бўлган пакетни адашиб чиқиндига ташлаб юборган. Ушбу олтинларнинг қиймати 6,13 миллион турк лирасини (133 минг доллардан ортиқ) ташкил этади ва оила ўзларига уй сотиб олиш учун уларни кўп йиллар давомида йиғиб келган.
Воқеа Бурса вилоятининг Акчалар маҳалласида содир бўлган. Олтинлар йўқолгани пайқаб қолингач, оила полиция ва маҳаллий коммунал хизматларга мурожаат қилган ва улар қимматбаҳо буюмларни қидиришни бошлаган.
“Хотиним уй тозалаётганда пакетни чиқинди деб ўйлаб, ташлаб юборибди”, дейди оила бошлиғи Седаир Курназ.
Унинг сўзларига кўра, чиқинди ташувчи машиналар ахлатларни олиб кетишга улгурганми ёки пакетни чиқинди титувчилардан бирортаси олиб кетганми, ҳозирча номаълум.
Унинг қўшимча қилишича, полиция ва коммунал хизматлар содир бўлган воқеадан хабардор қилинган ва ҳудуддаги видеокузатув камералари ёзувлари синчиклаб ўрганиб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Торре Лапилло шаҳрида эркак тасодифан 20 та олтин қуймасини чиқиндига ташлаб юборгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси