Автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади – Мирзиёев
Жамият
−
30 Май 2023
25118Ўзбекистонда 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлади ва ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 миллион донага етказилади. Бу ҳақда ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида келтириб ўтган.
Дастурга кўра, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилади, йилига 300 мингта электромобил ишлаб чиқарилади.
Юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 миллиард доллар ажратилади.
Шунингдек, келгуси йилларда:
- 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади;
- тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизими тўлиқ йўлга қўйилади;
- ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади;
- IT хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади.
Шу билан бирга, дастурда йўл-транспорт соҳасидаги режалар ҳам келтириб ўтилган. Унга кўра:
- авиақатновлар сони 4 марта оширилади;
- Тошкент – Самарқанд, Навоий – Бухоро йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қурилади;
- темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади;
- 6 та йирик аэропорт модернизация қилинади, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади;
- 2030 йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача – жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилади ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинади.
- Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Фарғона водийси йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўллари қурилади.