“Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади
Жамият
−
31 Март 3082 1 дақиқа
Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, жорий йил 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилади. Бунда:
- мазкур акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
- ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 августдан бошлаб аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “trade-in” дастури доирасида эскирган автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу фармон билан Ўзбекистонда қурилиш соҳасида атмосфера ҳавоси муҳофаза қилиниши ва экологик талаблар кучайтирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Live
Барчаси