Автокредит маблағларини ўзлаштирганлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
04 Октябрь
5701Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятида автокредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “L.N.” МЧЖ масъул шахслари “D.” МЧЖдан “Isuzu” русумли юк машинасини сотиб олгандан кейин гаровга қўйиш шарти билан ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағининг 595 млн сўмини ушбу МЧЖ орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.
Шу каби департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Б.Э. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига харид қилинган Kia Karnival русумли автомашинани сотиб юбориб, банк манфаатларига 354,9 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 19 фуқаро номига расмийлаштирилган 6,3 млрд сўмлик автокредитни ўзлаштирган шахслар қўлга олинган эди.
LiveБарчаси