Австралияда 13 ёшли қиз юздан ортиқ жиноятда айбланмоқда
Олам
−
14 Апрель 9526 2 дақиқа
Австралия суди 13 ёшли қизга нисбатан 109 та айблов эълон қилди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Портал маълумотларига кўра, жорий йилнинг 30 март куни у Мельбурн жануби-шарқида ўғирланган автомобилни бошқариб кетаётиб, 45 ёшли эркакни уриб юборганликда гумон қилинмоқда. Бошқа ҳолатларда эса у йўловчиларга қарата антисемитик ҳақоратлар айтгани иддао қилинмоқда.
“Ҳуқуқий сабабларга кўра исми ошкор этилмаётган 13 ёшли қиз душанба куни вояга етмаганлар ишлари бўйича судга гаров эвазига озодликка чиқиш талаби билан келди. Унга нисбатан 109 та айблов қўйилган”, дейилади хабарда.
Полиция ходимлари қизнинг телефонини кўздан кечириб, ундан “одам уриб юборганлик учун қандай жазо берилади” ва “яҳудийлар қаерда яшайди” деган сўровларни топган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари судланувчининг барча ҳаракатлари мақсадли бўлганини, қизнинг ўзи эса машҳурликдан “қувват олишини” ва ижтимоий тармоқларда тахминий жиноятлар ҳақидаги маълумотлар қанча лайк йиғаётганини кузатиб боришини таъкидлаган.
Маҳаллий телеканал репортажига кўра, қизни суд залига олиб киришаётганда у кулган. Шунингдек, қиз бутун суд мажлиси давомида табассум қилиб ўтиргани қайд этилган. ABC News хабарига кўра, судланувчи қонунни бузишда давом этишини билдирган. Прокурорнинг ҳисоб-китобларига кўра, у 74 кун давомида кунига ўртача 1,45 та жиноят содир этган.
Жамият учун эҳтимолий хавф туғдириши сабабли қизнинг гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги илтимоси рад этилган. У уч ҳафтадан кейин яна суд қилинади.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель