Австралия кучлари ҳам Афғонистонни тўлиқ тарк этди

Олам

image

Австралиянинг барча ҳарбий қўшинлари Афғонистонни тарк этди. Бу ҳақда бугун, 11 июль куни мамлакат мудофаа вазирлиги раҳбари Питер Даттон маълум қилди. 

“Айни пайтда ушбу [ҳарбий] кампания якунланди. Бироқ, бу бизнинг миллий манфаатларимизга ёки иттифоқчиларимиз манфаатларига жавоб беради деб ҳисобласак, АҚШ билан бошқа кампанияларда қатнашмаймиз, эҳтимол SAS (Австралия Ҳаводаги Махсус кучлари) ёки бошқа махсус кучларни жалб қилмаймиз, дегани эмас”, дейди Питер Даттон.

Мудофаа вазирининг таъкидлашича, сўнгги 20 йил ичида Афғонистондаги ҳарбий кампанияда 39 мингдан зиёд австралиялик ҳарбийлар қатнашган, аммо сўнгги йилларда контингент 1,5 минг аскар ва офицердан 80 кишига қисқартирилган. Даттонга кўра, Австралия кучлари мамлакатдан чиқарилгани билан терроризмга қарши курашда Кобулнинг иттифоқчиси бўлиб қолаверади. 

Жорий йилнинг 6 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 90 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Расмий Кобул ҳаракат тарафдорларига қарши қарши ҳужумларни режалаштирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Австралия

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг