Австралия фожиаси. Мамлакатни янги балолар ўз комига тортмоқда (фото, видео)

Олам

2

Бир неча ойлик ўрмон ёнғинлари ва қурғоқчиликдан сўнг, шарқий Австралияни янги табиий офат – кучли ёмғир ёғиши ва сел офати ўз комига тортмоқда. Ёғаётган ёмғир оловни тўлиқ ўчира олмаётган бўлсада, аммо унга қарши курашда ёрдам бермоқда. Ўт ўчирувчилар янги хатар – сув тошқини ва кўчкилар ҳақида огоҳлантиришмоқда. Кўнгиллилар омон қолган коалаларга ёрдам беришда давом этмоқда. Спортчилар Australian Open мусобақаси саралаш босқичида тутун ютиб иштирок этишларига тўғри келмоқда.

Ёнғинлардан бошқа ҳудудларга қараганда энг кўп зарар кўрган Янги Жанубий Уэльс ва Викторияда 50 миллиметр ёғингарчилик бўлган. Ҳозирча бу ушбу ҳудудлардаги ёнғинларни ўчира олмаяпти. 16 январь куни ушбу икки штатда 80 дан ошиқ жойда ёнғинлар давом этган. Чақмоқлар сабабли Викториядаги Greyt Otuey Миллий боғида икки ёғин ўчоғи пайдо бўлган.

Ёмғир ва кучли бўронлар ҳафта охиригача Австралиянинг шарқида давом этиши тахмин қилинмоқда. Аммо энди яхнги таҳдид пайдо бўлди: барча ўсимликлар ёниб кетган ерларга сув тошқини ва кўчкилар кузатилиши мумкин.

Ҳайвонларни қутқариш учун уларга вертолётдан озуқа ташланмоқда

 

Олимлар Австралиянинг ҳайвонот оламига қанча зарар етганини ҳали аниқлай олишмаяпти: турли хил маълумотларга кўра, юз миллионлаб – агар балиқлар, қурбақалар, кўршапалак ва ҳашоратларни ҳисоблаганда - ҳатто миллиардлаб жониворлар нобуд бўлган.

Австралия ҳукумати ёввоий табиатни асраш чора-тадбирлари учун 50 миллион доллар ажратди. Масалан, валлаби кенгуруларига ёрдам бериш учун ветролётлардан минглаб сабзавотлар – ширин картошка ва сабзилар ташланмоқда, коалалар эса очдан ўлмаслиги учун дарахтлардан туширилиб қутқариб қолинмоқда.

Кенгуру оролидаги табиат боғида жойлашган вақтинча шифохонага ҳар куни ўнлаб коалалар олиб келинмоқда. Тахминларга кўра, ёнғинлардан олдин оролда 46 минг атрофида жонивор яшаган. Табиий офатдан сўнг, улардан фақат 9 минги омон қолган. Ҳукумат бу рақамларни “жуда ҳалокатли” деб баҳолади.

Олимларни ёнғинлар сабаб 13 турдаги ҳайвон турлари, шу жумладан, коала, квокк ва ингичка думли қоя валлабиларининг йўқ бўлиб кетиши хавфи ташвишга солмоқда. Юқоридаги 13 та тур ичига жанубий корробори қурбақаси, тарозили асалхўр қуши ва ғарбий ер тўтиси ҳам киради.

Australian Open иштирокчилари тутун ичида ўйин ўтказишларига тўғри келмоқда 

Ёнғинлардан чиққан тутун Australian Open мусобақаси саралаш ўйинларини ўтказишни қийинлаштирди. 14 январь куни словениялик спортчи Далила Якупович биринчи сетни ётиб, иккинчисининг сўнгида кучли йўталдан ерга йиқилиб қолди ва ўйинни давом эттиришдан бош тортди.

Худди шу куни Мария Шарапова ва германиялик Лаура Зигменднинг кўргазмали ўйини ҳам сўнгига етмай қолди. Канадалик Эжени Бушар нафас олиши қийинлашгани сабаб кортни тарк этган бўлса, украиналик Элина Свитолина ташкилотчиларни “бирор кўнгилсиз ҳодиса юз бермаси” қандайдир чоралар қилишга чақирди. 

14 январда Мелбурн ҳокимлиги шаҳар аҳолисига иложи борича кўчага чиқмасликни тавсия қилди. Шаҳарда от пойгалари ва футбол машғулотлари ҳам бекор қилинган. Аммо Australian Open ўйинларига нисбатан бундай чоралар кўрилмади ва улар бир соат кечикиб бошланди.

15 январь куни Australian Open ташкилотчилари тутун кам бўлиши учун ўйинларни туш вақтида ўтказишни режалаштиришди. Аммо баҳслар бошланганидан 3,5 соат вақт ўтиб, момақалдироқлар туфайли у яна қолдирилди.

 

Шу куннинг ўзида Серена Уильямс, Роже Федерер ва Рафаэль Надаль иштирокида хайрия ўйинлари серияси бошланди. Тушган маблағлар ёнғинларга қарши курашишга жалб қилинадиган бўлди. Хайрияда 5 миллион долларга яқин пул тўпланди. Маълумотларга кўра, Надал ҳамда Федерер 250 минг доллардан хайрия қилишган.

16 январь куни об-ҳаво яхшиланди ва саралаш ўйинлари жадвалга мувофиқ ўтказилди. Аммо спортчилар ҳамон ташкилотчиларнинг ҳаракатларини муҳокама қилишда давом этмоқда. Бир қатор теннисчилар томонидан мусобақа ташкилотчиларига нисбатан ижтимоий тармоқларда танқидий постлар қолдирилган.

Шу куни Australian Open директори Крэйг Тайли ушбу фикрларга жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра, бу каби танқидий фикрларга ҳавонинг ифлосланганлик даражасини баҳолашнинг йўллари жуда кўп экани сабаб бўлмоқда. У ҳавони баҳоловчи экспертлар, шифокорлар хулосаси ва бошқа маълумотларга таяниб, теннисчиларга ўйин ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида тавсия бераётганини таъкидлаган.

Тайли Australian Open мусобақаси ўз вақтида – 20 январдан бошланиб, 2 февралда якунланишини ишонч билан таъкидлади. Зарурат туғилса, баҳслар учта ёпиқ аренада ҳам ўтказилиши мумкин.

Сарвар Анвар ўғли


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Австралия

Баҳолаганлар

197

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг