Австралия ҳам Telegram’ни террорчилик тарғиботида айблаб, судга берди
Олам
−
30 июл 884 2 дақиқа
Австралия интернет хавфсизлиги регулятори террорчилик тарғиботига оид материалларни ўз вақтида ўчирмагани учун Telegram’га нисбатан суд жараёнини бошлади. Бу ҳақда Австралиянинг eSafety комиссари маълум қилди.
Австралиянинг интернет хавфсизлиги бўйича eSafety комиссари идорасига кўра, Telegram террорчилар қатли ва оммавий қирғинлар акс этган видеоларни платформадан олиб ташлаш бўйича талабларни бажармаган. eSafety комиссари Жули Инман Грантнинг айтишича, иш сўнгги йиллардаги энг машҳур экстремистик зўравонлик ҳаракатлари, жумладан, Крайстчерч ва Буффало ҳужумлари билан боғлиқ материалларга тааллуқли.
“Бизнинг даъвомизга кўра, Telegram бу контент ҳақида расман хабардор қилинганидан анча кейин ҳам материаллар платформада очиқ қолган”, деган у.
Маълум қилинишича, Австралиянинг кодекс ва стандартларига риоя қилинмаган тақдирда, Telegram 54,6 миллион Австралия долларигача (38 миллион АҚШ доллари) миқдорида фуқаролик жаримасига тортилиши мумкин.
Telegram эса айбловларни рад этган.
“Биз ушбу айбловларни қабул қилмаймиз ва судда уларга қарши курашамиз”, деган компания вакили.
Компания вакилига кўра, Telegram’нинг терроризмга қарши кураш бўйича чора-тадбирлари яхши маълум бўлиб, фақат 2026 йилнинг ўзида минглаб экстремистик ҳамжамиятлар блокланган. Судга тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилишича, 2025 йил июль–октябрь ойлари давомида Австралиядаги Telegram фойдаланувчилари террорчилик тарғиботига оид 12 та пост юзасидан шикоят қилган. Уларнинг учтаси террорчилик мазмунидаги маълум контентни ўз ичига олган.
Бироқ, иддаога кўра, Telegram ушбу постларнинг ўнтасини ўчирмаган, шунингдек, уларни жойлаштирган аккаунтларни ҳам блокламаган ёки фаолиятини тўхтатмаган.
Telegram дунёдаги энг оммабоп мессенжерлардан бири бўлиб, компания маълумотларига кўра, унинг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 1 миллиарддан ошади. Платформа асосчиси Павел Дуров 2014 йилда Россияни тарк этган ва 2017 йилда компанияни Дубайга кўчирган.
Telegram Россия–Украина уруши ҳақида ахборот алмашишда муҳим платформалардан бири ҳисобланади ва ундан Москва ҳамда Киев расмийлари кенг фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июль куни Россия Павел Дуровга нисбатан террорчилик фаолиятига кўмаклашиш айбловини эълон қилганди. Москвага кўра, мессенжердан Украина махсус хизматлари Россия ҳудудида ҳужумларни мувофиқлаштириш учун фойдаланган.
Live
Барчаси