Атамбоев яна иккита жиддий жиноятда айбланди
Олам
−
15 Сентябрь 2021
9695Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Республиканинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан Бишкекда тартибсизликлар уюштириш ва ўтган йилнинг октябрь ойи бошларида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уриниш бўйича яна иккита айблов қўйди. Бу ҳақда собиқ давлат раҳбарининг адвокати Сергей Слесарев маълум қилди.
“Атамбоевга ўтган йилнинг октябрь ойи бошида пойтахтда тартибсизликлар уюштирганликда ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда гумон қилинганлиги тўғрисида огоҳлантириш топширилди”, деган у.
Ҳимоячининг таъкидлашича, тартибсизликнинг биринчи кунларида собиқ Президент ҳибсда бўлган ва жисмонан тартибсизликларни уюштиришда қатнаша олмаган.
Бу ишда Атамбоев билан бир қаторда Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, Атамбоевнинг собиқ қўриқчиси Канат Сагимбоев ва Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асановлар ҳам иштирок этгани айтилмоқда.
Аввалроқ, Атамбоев 2019 йил август ойида бўлиб ўтган Қўй-Тошдаги тўқнашувлар юзасидан судда иштирок этишга рози бўлгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон пойтахтининг марказий майдонида ўтган йилнинг 5-6 октябрь, шунингдек 9 октябрида турли сиёсий кучлар тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Натижада ғалабани амалдаги Президент Садир Жапаров тарафдорлари қўлга киритиб, рақибларни майдонни тарк этишга мажбур қилишди. Тўқнашувлар чоғида номаълум шахс Атамбоев бўлган машинага тўппончадан бир неча бор ўқ узган, бироқ собиқ давлат раҳбари жароҳат олмаган. Жиноятчи ҳали топилмаган.
Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Атамбоев биринчи марта 2019 йилнинг августида ҳибсга олинган. Кейинчалик унга бир нечта айбловлар қўйилди, жумладан ерларни тақсимлашда коррупция, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотилликка уриниш ва ҳоказо. У бир неча ой олдин соғлиғи ёмонлашгани сабабли, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторидан тиббий шифохонага эга бўлган 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилган.
LiveБарчаси