Атамбоевнинг ворисига нисбатан қилган энг катта хатолари очиқланди
Олам
−
07 Январь 2021
19607Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев курсисининг вориси Сооранбай Жээнбеков билан жанжаллашиб қолгани, унинг сиёсий карьерасидаги катта хато бўлган. Бундай фикрни ижтимоий тармоқларда ёзувчи Замирбек Осоров билдирган.
У Атамбоевнинг катта сиёсатдан кетишни истамагани, кейинчалик унинг Арашандан туриб мамлакатни бошқаришни режалаштиргани ҳаммага аён бўлганини эслаган.
"Агар Жээнбековнинг ҳукмронлиги йилларида у жимгина бўйсунганида, сиёсатга аралашмаганида, Жээнбековни оқилона танқид қилганида, ўзини унга нисбатан душмандек тутмаганида эди, у ўз юзи ва обрўсини сақлаб қолган бўлар эди. Агар у шундай йўл тутганида Жээнбековнинг бошқаруви ҳам анча муваффақиятли бўлар эди. Эҳтимол, у ваколат муддати тугагунига қадар лавозимида ўтирар эди, мамлакат Конституциясини қайта ўзгартириш ва муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш шарт бўлмасди", деган Осоров.
Ёзувчининг таъкидлашича, агар мамлакатда 2020 йилнинг октябрь ойидаги норозиликлар содир бўлган тақдирда ҳам, Атамбоев эгарда бўлар эди ва Жээнбековнинг ўрнига айнан у ҳокимият тепасига келарди. Аммо халқ Атамбоевни ўринбосарига ва мамлакатга нисбатан қилган хиёнати учун кечирмади.
Маълумот ўрнида, Алмазбек Атамбоев ва Сооранбай Жээнбеков 2017 йили ўтган президентлик сайловигача яқин дўст бўлишган. Бироқ, Жээнбеков Президент бўлганидан кейин ўртада жанжал чиққан.
Келишмовчиликдан кейин Атамбоев бир неча марта Жээнбеков номига танқидий фикрларни айтган. Атамбоев Жээнбековга президентлик лавозимига келишга ҳам ёрдам берганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилганди. Аммо халқ унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди. Натижада мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.
Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.
Талотўплар вақтида қамоқдан чиқарилган Садир Жапаров тез орада Бош вазир этиб тайинланди ва кейинроқ Президент ваколатларини бажариш ҳам вақтинча унга ўтди. Бироқ у президентлик сайловларида қатнашиш учун барча лавозимларни тарк этди.
Қирғизистондаги муддатидан олдинги президентлик сайловлари 2021 йил 10 январда бўлиб ўтади.
LiveБарчаси