Асли ўзбекистонлик бўлган боксчи Қозоғистон чемпионатида бронза медални нақд қилди
Спорт
−
11:57
3888Туркистон вилояти шарафини ҳимоя қилган Аман Конисбеков бокс бўйича 2024 йилги Қозоғистон чемпионатининг чорак финалида ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Sports.kz” хабар берди.
Вазни 71 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги чорак финал баҳсида Қўнисбеков Ақтўбе вилояти вакили Алмас Кушербоев билан тўқнаш келди. Натижада Аман якдил қарор билан ишончли ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Аман Конисбеков мамлакат чемпионатининг ярим финалига чиқди ва камида бронза медалини қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, Конисбеков асли ўзбекистонлик бўлса-да, жорий йил боксчи Қозоғистон байроғи остида рингга чиқишга қарор қилди.
2023 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатининг ярим финалида Конисбеков жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаевга қарши рингга кўтарилиб, уч раунддан сўнг ҳакамларнинг баҳсли қарори билан имкониятни бой берган, ўша қарама-қаршиликнинг биринчи раундида Аман рақибини нокдаунга туширишга муваффақ бўлган.