Фоторепортаж: Асакадаги UzAuto Motors заводида автомобиль ишлаб чиқариш жараёни
Бу қизиқ
−
06 Июль 2019
16278Жорий йилнинг 3-4 июль кунлари Ўзбекистондаги ОАВ ходимлари учун UzAuto Motors заводига медиа-тур ташкил этилди.
Ҳар бир инсон ўзи бошқараётган ёки кўчада ҳарактланаётган автомобилларнинг қандай яратилишини кузатиш жуда ҳам қизиқарли. Ҳозир эътиборингизга UzAuto Motors заводидаги қайноқ иш жараёнидан фотолавҳаларни тақдим этамиз.
Пресс-тур давомида журналистлар яқиндагина номи ўзгартирилган UzAuto Motors (олдинги номи GM Uzbekistan) заводининг тўлиқ фаолияти билан таништирилди.
UzAuto Motors заводига уюштирилган медиа-тур давомида журналистларга завод бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов ва унинг ўринбосари Азимжон Умаровлар ҳамроҳлик қилишди. Дастлаб, ОАВ вакиллари автомобилларнинг қисмларини пайвандлаш ишлари олиб бориладиган бўлим билан таништирилди.
Эътиборлиси, ҳудудда завод ходимлари 8 соат давомида тик оёқда тиним билмасдан меҳнат қилишади. Бугунги кунда UzAuto Motors заводида 10 600 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Бу ходимларнинг 200 минг нафари заводнинг Хоразмдаги филиалида ишлашса, яна 170 нафар ходим Тошкент шаҳрида жойлашган филиалда меҳнат қилмоқда.
Пайвандлаш бўлимида ишлар якунлангач, автомобил заводнинг бўяш цехига юборилади. Бу бўлимда инсон саломатлиги учун ўта хавфли кимёвий моддалар билан ишланиши туфайли журналистлар бу ҳудудга киритилмади.
Бўяш цехидан чиқарилган енгил машиналарнинг суяк қисми (кузов) алоҳида бўлимда жиҳозланади. Махсус линияда автомобилларга кетма-кетликда барча керакли қисмлар ўрнатилади.
Маълум қилинишича, UzAuto Motors заводидаги ишчи ходимларнинг ойлик-маоши минимум 2,5 млн сўмни ташкил этади. Тажрибали ходимлар 4 млн сўмгача ойлик оладилар. Бундан ташқари ходимларга иш жараёнидаги фаолликларига қараб бонуслар белгиланган.
Этиборлиси, Асака шаҳрида жойлашган UzAuto Motors заводида ҳар 70 секундда битта автомобиль, бир кунда 800 та автомобиль ишлаб чиқарилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳозирда UzAuto Motors заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган Nexia 3 автомобилига ички бозорда талаб жуда юқори. 1996 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган Nexia авлодидаги кирувчи учта моделдаги автомобиллардан шу пайтга қадар 1 060 715 дона ишлаб чиқарилган.
UzAuto Motors заводида ишлаб чиқарилаётган енгил машиналар орасида хорижга экспорт қилинадиган автомобиллар рейтингини Laсetti бошқариб турибди.
Маълум бўлишича, Автомобилсозлик тармоғида 2019 йил экспорт салоҳиятини ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Ҳозирги вақтда тармоқнинг турли корхоналари маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Озарбойжон, Грузия, Арманистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Иордания, Ливан, Ироқ, Афғонистон ва африканинг бир қатор давлатларига экспорт қилинмоқда.