“Асалҳоней”нинг қотили 16,5 йилга “кесилди”
3-саҳифа
−
09 Август 2022
14928“Асалҳоней” номи билан танилган инста-блогер Асал Хўжаеванинг қотили 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.
Бугун, 2022 йил 9 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчи К.Ш. (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд раиси Т. Обидов ҳукмни эълон қилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, К.Ш. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жиноят иши бўйича “Ипак Йўли” ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 269 000 сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 849 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланди.
Қонуний вакилга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протести ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум ва фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар судига берилиши мумкин.
Маълумот учун, Асал Хўжаеванинг мурдаси жорий йилнинг 18 март куни соат 10:01 да Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 99-уй, 210-хонадоннинг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилганди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, Асал Хўжаеванинг ўлими қорин олд соҳасида бир дона санчилиб кирувчи кесилган жароҳати, бўйин чап томони санчиб кесилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши оқибатида юз бергани аниқланган.
Воқеа жойи криминалистика техника воситалари ёрдамида кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлардан намуналар, мурда кийимлари, қўл бармоқ излари, 1 дона ноутбук, 1 дона флешка, 4 дона уяли алоқа телефони, 4 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинган.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов, Яшнобод тумани прокурори А.Донаев, шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамда тезкор тергов гуруҳи аъзолари етиб борган.
LiveБарчаси