Асакадаги “дарахткушлик”. Прокуратура ишни судга оширди

Жамият

image

Аввалроқ, Андижон вилоятининг Асака туманида 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат оқибатида табиатга 18 млн 360 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат юзасидан “Асака в.л.” хусусий корхона раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми бўйича тўпланган маъмурий жавобгарликка оид иш ҳужжатлари бугун, 9 февраль куни судга юборилган. 

Эслатиб ўтамиз, Асака тумани “Амир Темур” МФЙ ҳудудидаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг рухсатномаси берилмаган.

Мазкур ҳудуддаги дарахтларни хусусий корхона раҳбарияти томонидан дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинмаган.

Маълумот учун, 2021 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди.

Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганди.

Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 15 январь куни Андижон вилояти перинатал марказида 12 та дарахт кесиб ташланган эди. Бундай топшириқ шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан берилган. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармаси суриштирув бошлаганди, аммо ҳамон жимжитлик ҳукм сурмоқда.
 

 

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made