Асад режимининг ағдарилишига Эроннинг муносабати қандай бўлди?
Олам
−
09 Декабрь
13688Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Сурия халқи ўз мамлакатининг келажагини чет эл аралашувисиз ҳал қилиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Унда Эрон Суриядаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётгани айтилган. Вазирлик Эрон Сурия бирлиги, миллий суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини айтиб, мамлакат келажаги ҳақидаги қарорларни ҳеч қандай бузғунчи аралашув ёки ташқи мажбурловсиз Сурия халқининг ўзи қабул қилиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, ҳарбий тўқнашувларни зудлик билан тўхтатиш, террорчилик фаолиятининг олдини олиш ва барча сурияликларни ифодаловчи инклюзив бошқарув тузилмасини яратиш учун Сурия жамиятининг барча қатламларини қамраб олган миллий мулоқотни бошлаш талаб қилинган.
“Сурия тарихининг ушбу муҳим даврида барча Сурия фуқаролари ва чет эл фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, диний объектларнинг муқаддаслигини сақлаш, дипломатик ва консуллик объектларини халқаро ҳуқуқий тамойилларга мувофиқ ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади”, дейилади хабарда.
Вазирлик Эрон ва Сурия ўртасидаги муносабатларнинг чуқур тарихий илдизларига урғу бериб, бу ришталар ўзаро манфаатлар ва халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга риоя қилиш асосида доно ва истиқболли ёндашув билан давом этишига умид қилмоқда.
“Эрон Ислом Республикаси Суриянинг Ғарбий Осиёдаги муҳим ва таъсирли давлат сифатидаги ролини таъкидлаб, Сурияда хавфсизлик ва барқарорликни ўрнатиш учун бор кучини аямайди”, дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлиги бу мақсадда барча нуфузли томонлар, айниқса минтақадагилар билан маслаҳатлашувларни давом эттиришини қўшимча қилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, Эрон Суриянинг сиёсий ва хавфсизлик ландшафтидаги асосий ўйинчиларнинг ҳаракатлари ва хатти-ҳаракатлари асосида керак бўлганда тегишли ёндашув ва позицияларни қабул қилади. Эрон Асад режимининг минтақадаги энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлиб, икки давлат ўртасида яқин сиёсий ва савдо алоқалари мавжуд эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ТАСС Кремлдаги манбаларга таяниб, Сурияни исёнчилар ҳужумидан кейин тарк этган президент Башар Асад оиласи билан Москвага келгани ҳақида ёзганди. Унга кўра, Асад Россиядан сиёсий бошпана сўраган. Россия самолёти бир неча соат олдин Суриянинг Латакия шаҳридан учган, кейин транспондерни ўчириб, Россия томон йўналган. Борт Хмеймим ҳарбий базасидан ёки Латакия аэропортидан парвоз қилган бўлиши мумкин. Маълумотни самолётлар ҳаракатини назорат қилувчи Флигҳтрадар сайтида кўриш мумкин.
Самолётнинг транспондери Москва яқинида қисқа муддатга ёқилган ва қўнишдан олдин яна ўчирилган. Транспондер ўчирилгани туфайли дастлаб Сурия президенти бўлган самолёт радарлардан ғойиб бўлгани, эҳтимол авиаҳалокатга учрагани ҳақида хабар тарқалганди.