Асад режими остидаги қамоқда 1000 дан ортиқ суриялик ҳалок бўлди
Олам
−
27 Февраль 2025 5169 2 дақиқа
Суриянинг собиқ президенти Башар Асаднинг ҳукмронлик йилларидаги қатллар, қийноқлар ва шафқатсизликлар оқибатида Дамашқ ташқарисидаги Ал Маззеҳ ҳарбий аэродромида бўлган ҳибсдаги мингдан ортиқ Сурия фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШда жойлашган Сурия адолат ва жавобгарлик маркази (SJAC) инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб, “Reuters” хабар берди.
SJAC расмийлари Асад ҳокимият тепасида бўлган йилларда судсиз қотилликларда ўлдирилган одамларнинг дафн этилгани гумон қилинган еттита жойни аниқлади.
Хабарда айтилишича, Меззеҳ ҳарбий аэродроми Башар Асад ҳукумати томонидан маҳбусларни сақлаш учун фойдаланилган. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, 2011-2017 йиллар мобайнида у камида 29 минг маҳбусни ушлаб турган.
Ҳисоботда ҳужжатлар таҳлили, гувоҳларнинг баёнотлари ва сунъий йўлдош тасвирлари натижасида олинган маълумотлар тақдим этилган. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, улар 2011-2017 йиллар оралиғида ҳалок бўлган жами 1154 маҳбус рўйхатини кўрсатган Ҳарбий-ҳаво кучлари разведка маълумотларини таҳлил қилган.
Бундан ташқари, тадқиқот гуруҳи омон қолган 156 киши ва Сурия Хавфсизлик хизматининг саккиз собиқ ходими билан суҳбатлашган, уларнинг вазифаси режим мухолифларини кузатиш ва таъқиб қилиш эди. SJAC маълумотларига кўра, тадқиқотда қатнашган барча тирик қолганлар қамоқда ўтирган йилларида қийноққа солинган.
Сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб, оммавий қабрлар мавжудлигини мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони бўлмаган, бироқ SJAC томонидан аниқланган кўплаб сайтларнинг суратларида ернинг вайрон бўлиш белгиларини кўриш имконияти туғилган.
Агентликка кўра, икки жойда – Меззеҳ аэропорти ва Нажа қабристонида – SJAC гувоҳларининг кўрсатмаларига мос келадиган даврларда қазилган узун хандақларнинг аниқ излари борлиги ёзилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия пойтахти Дамашқ яқинида собиқ президент Башар Асад ҳукумати томонидан ўлдирилган камида 100 минг кишининг жасади бўлган оммавий қабр топилганди.
Live
Барчаси