Асад режими қулади
Олам
−
08 Декабрь
7078Сурияда Асад режими қулади. Исёнчи мухолифат пойтахт Дамашқни эгаллади. Шом диёрини 50 йилдан ортиқ вақт давомида идора қилиб келган Асадлар оиласи мамлакатни ташлаб кетди.
8 декабрь куни эрта тонгдан “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирди ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди.
Шаҳарда кучли отишма овози эшитилди. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилди.
Башар Асаднинг кўчалардаги портретлари йиртилиб, отаси Ҳофиз Асаднинг ҳайкаллари ҳам бузиб ташланди.
Исёнчи кучларнинг 27 ноябрь куни бошланган шиддатли ҳужумларида дастлаб Ҳалаб ва бирин-кетин бошқа шаҳарлар, жумладан Ҳама, Дайр-аз-Зор, Даръа ва Ҳомс эгалланди ва бугун улар Дамашқни ҳам ўз назоратига олди.
Асадга келадиган бўлсак, у Дамашқни самолётда тарк этгани хабар қилингандан сўнг турли версиялар тарқалмоқда. Халқаро ОАВлари у Россияга ёки Яқин Шарқ давлатларидан бирига кетганини даъво қилмоқда. Шунингдек, у авиаҳалокатга учраган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версия ҳам йўқ эмас.
Flightradar мониторинг сайти маълумотларига кўра, Асад ўтирган самолёт “тўсатдан 180 градуслик бурилиш ясаган ва харитадан ғойиб бўлган”.
“Reuters” агентлигининг манбаларига кўра, самолёт транспондер ўчирилгани сабабли радарлардан ғойиб бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳаво кемаси уриб туширилганлиги эҳтимоли юқорироқ.
Асадга бўйсунувчи Сурия расмийлари эса қуролли гуруҳлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Сурия ҳукумати республикада ҳокимиятни эгаллаб олган жангарилардан хавфсизлик кафолатларини олган.
Сурия Бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий халқ танлаган ҳар қандай раҳбарият билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди ва “ҳамма учун мўлжалланган” давлат институтларини сақлаб қолишга чақирди.
Шом диёридаги воқеаларга минтақадаги асосий ўйинчилар ҳам муносабат билдириб, уларнинг кейинги қадамлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сигнал берди. Хусусан, Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқара Суриянинг миллий бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига катта аҳамият беришини айтди ва Асад режими ағдарилгач, мамлакатини тарк этишга мажбур бўлган миллионлаб сурияликлар энди ўз юртларига қайтишлари мумкинлигини қўшимча қилди.
“Биз минтақадаги ва минтақадан ташқаридаги барча иштирокчиларни минтақани янада беқарорликка олиб келмаслик учун эҳтиёткорлик ва хотиржамлик билан ҳаракат қилишга чақирамиз. Сурия давлат институтлари ҳимоя қилиниши ва мухолифат кучлари зудлик билан бирлашиши керак. Биз қўшни давлатлар билан биргаликда Сурияни қайта тиклаш учун бор имкониятларимизни ишга солиб, янги маъмурият билан ишлашда давом этамиз. ИШИД ва “Курдистон ишчилар партияси” террор ташкилоти бу жараённи суиистеъмол қилмаслиги учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиламиз. Америкалик дўстларимиз билан алоқадамиз”, деди у.
Оқ уй ҳам АҚШ Президенти Байден ва унинг жамоаси Суриядаги фавқулодда ҳодисаларни диққат билан кузатиб бораётгани ва минтақавий шериклар билан доимий алоқада эканини билдирди.
Пентагон эса АҚШ Сурия шарқида ўз мавжудлигини сақлаб қолишда давом этишини, ИШИД қайта тикланишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўришини билдирди.
Асад режимининг қулашига АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ҳам муносабат билдирди:
“Асад кетди. У ўз мамлакатидан қочиб кетган. Унинг ҳимоячиси, Россия, Россия, Владимир Путин бошчилигидаги Россия, энди уни ҳимоя қилишдан манфаатдор эмас эди. Россиянинг биринчи навбатда у ерда бўлиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Улар Украина туфайли Суриядаги барча манфаатларини йўқотди. Россия ва Эрон ҳозир заифлашган ҳолатда, бири Украина ва ёмон иқтисодиёт, иккинчиси Исроил ва унинг жанговар муваффақияти туфайли”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Суриядаги драматик воқеаларни хавотир билан кузатаётганини билдирди.
“Башар Асад ва Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги қуролли можаронинг бир қатор иштирокчилари ўртасидаги музокаралар натижасида у ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича кўрсатмалар бериб, президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилди ва мамлакатни тарк этди. Россия бу музокараларда қатнашмади.
Шу билан бирга, биз барча манфаатдор томонларни зўравонликдан воз кечишга ва барча бошқарув муаммоларини сиёсий йўллар билан ҳал қилишга чақирамиз. Шу муносабат билан Россия Федерацияси Сурия мухолифатининг барча гуруҳлари билан алоқада.
Айни пайтда Суриядаги фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари шай ҳолатга келтирилди. Айни пайтда уларнинг хавфсизлигига жиддий таҳдид мавжуд эмас”.
Суриядаги воқеалардан сўнг кўпчиликда энди нима бўлади деган савол пайдо бўлиши тайин, бунинг ҳаммасини вақт кўрсатади. QALAMPIR.UZ эса воқеалар ривожини ёритишда давом этади.
LiveБарчаси