Асад Хўжаев туркий дунё ахборот маконига олтита таклиф билан чиқди
Олам
−
14 Май 2022
8232Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар фуқароларига ташкилот доирасидаги медиа маҳсулотлар билан танишиш учун қулай шароитлар яратиш тарафдори. Бу ҳақда бугун, 14 май куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асад Хўжаев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ОАВ ва ахборот соҳасига масъул идоралари раҳбарларининг тўртинчи йиғилишида айтиб ўтди.
Асад Хўжаев нутқи давомида Ўзбекистон қуйидаги йўналишларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашини таъкидлади:
• Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар теледастурлари, босма ОАВ, ахборот агентликлари, интернет нашрлари маҳсулотлари билан танишиш учун туркий тилли мамлакатлар фуқароларига мақбул шароитлар яратиш;
• ўзаро келишилган қизиқарли мавзуларда қўшма форумлар, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатларини ташкил этиш ва ўтказиш;
• тарбиявий аҳамиятга эга телефильмлар, телесериаллар ва мультфильмлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини олиб бориш;
• ҳар йили электрон ва даврий босма нашрлардан фаолият юритаётган журналистлар танловини уюштириш;
• туризм салоҳияти ва маданий-маърифий ҳаёт жараёнлари, илмий изланишлар натижалари билан аъзо мамлакатлар фуқароларини таништиришга ихтисослашган тематик дастурларни ҳамкорликда тайёрлаш;
• аъзо давлатларнинг миллий кунларида теледастурлар ҳамда бошқа тегишли ҳужжатли фильмлар ва бошқа ахборотларни трансляция қилиш имкониятини таъминлаш мақсадида аъзо давлатларнинг миллий телеканаллари ўртасидаги ҳамкорлик келишувларини ўрнатиш.
Асад Хўжаев сўзи давомида ўтган 3 йилда давлат органлари билан аҳоли ўртасида ишончли алоқаларни ўрнатиш учун 380 га яқин давлат ташкилотларида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилганини, бугунги кунда ахборот хизматларида 1200 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритаётганини таъкидлади.
Шунингдек, у журналистларнинг профессионал фаолиятида ўз-ўзини цензура қилишига йўл қўймаслик ва эркин фикр билдиришини кафотлаш мақсадида Жиноят кодексидан туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси олиб ташланганини қўшимча қилди.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилдаги 1437 та ўрнига 1962 тага етган. Республикада фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг 677 таси веб-сайт сифатида рўйхатдан ўтган.
LiveБарчаси