Арманистоннинг Алиев нутқига қарши иддаоси: У Ереван ва Баку ўртасидаги тинчликни бузмоқда

Олам

image
Арманистон 4 мингга яқин озарларни қириб ташлади – Илҳом Алиев north_east

Арманистон 4 мингга яқин озарларни қириб ташлади – Илҳом Алиев

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқи Ереван ва Баку ўртасидаги тинчлик жараёнига путур етказиш билан бирга, Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлардаги ижобий динамикани секинлаштиришга қаратилган. Ушбу иддаолар Арманистон ташқи ишлар вазирлигининг 16 мартдаги баёнотида келтирилган.

“Анқарада [Алиевнинг] провокацион тезисларини тилга олиш нафақат Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳозирги тинчлик музокараларига путур етказиш, балки Арманистон-Туркия муносабатлари жараёнидаги ижобий динамикани секинлаштиришга қаратилган. Барча ҳамкорлар барқарорлик ва тинчликдан манфаатдор. Минтақа Озарбайжон президентининг бундай сиёсатига зудлик билан баҳо бериши ва Озарбайжон томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилишини бартараф этиш ва куч ишлатишни истисно қилиш учун фаол чоралар кўриши керак”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.

Алиевнинг Анқарадаги нутқи юзасидан Ереван “Арманистон суверен ҳудудининг “Ғарбий Озарбайжон” сохта номи остида тақдим этилиши”ни нафақат БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ тамойиллари, Олмаота декларацияси, балки яхши қўшничилик ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни қўпол равишда бузиш, деб атади. Шунингдек, Бакуни ушбу нутқда ҳавола қилинган Прага ва Сочи келишувларига мувофиқ ҳам ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблади.

“Озарбайжон доимий равишда қочқинлар ва ички кўчирилганларнинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ ва қўшни вилоятларга қайтишига тўсқинлик қилади, шу билан бирга Тоғли Қорабоғ арманларининг депортацияси натижасида ўз назорати остида қолган ҳудудларни аҳоли билан тўлдиришни эълон қилади. Озарбайжон Президенти 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотнинг деярли барча бандларини бузган ҳолда, йўлаклар ҳақидаги уйдирма гаплар билан минтақавий коммуникацияларни очиш жараёнига тўсқинлик қилмоқда”, дея иддао қилган Арманистон томони.

Ереваннинг таъкидлашича, Озарбайжон раҳбарининг жангари риторикаси Жанубий Кавказда барқарорликни ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бутунлай бузиш ва Арманистон Республикасининг суверен ҳудудига ҳам, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғга қарши ҳам кенг кўламли куч ишлатишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида нутқ сўзлаган эди. Унинг қайд этишича, Арманистон томонидан 30 йиллик ишғол даврида юзлаб шаҳар ва қишлоқлар, тарихий ва диний обидалар, қабристонлар атайлаб вайрон қилинган. Биринчи Қорабоғ уруши оқибатида 4 мингга яқин озарлар бедарак йўқолди. Уларнинг барчаси Арманистон томонидан қийноқлар билан ўлдирилган. Қорабоғ озод қилингандан кейин бир неча жойларда оммавий қабрларни топилди. Арманистон ҳалигача бедарак йўқолган озарбайжонликлар тақдири ҳақида маълумот беришдан бош тортмоқда. Арманистон 2022 йилда Прага ва Сочида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олган бўлса-да, ҳалигача Озарбайжон ҳудудларидан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқмаган. Қорабоғда ноқонуний арман тузилмалари ва жиноий унсурлар сақланиб қолган. 

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ Қорабоғ уруши Туркий Давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг