Арманистон Украина масаласида Россия билан иттифоқчи эмас – Пашинян
Олам
−
08 Май 1712 2 дақиқа
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат Украина уруши масаласида Россиянинг иттифоқчиси эмаслигини билдирди. Бу ҳақда у ҳукумат брифингида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Ереван Украинага гуманитар ёрдам юборган ва бу позиция аввал ҳам очиқ айтилган.
“Биз Украина масаласида Россиянинг иттифоқчиси эмасмиз”, деган Пашинян.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Арманистон собиқ СССР давлатларининг ҳудудий яхлитлигини тан олишга асос бўлган Олмаота декларациясига амал қилади.
“Бу – бизнинг принципиал позициямизнинг асоси”, деган у.
Қайд этиш жоиз, 4 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский Европа сиёсий ҳамжамиятининг VIII саммитида иштирок этиш учун Ереванга борган эди. Украина раҳбарининг ташрифи ва саммитдаги иштироки Россия ТИВида кескин реакцияга сабаб бўлган.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Арманистон ҳукуматини “Россияга қарши ҳаракатлар”да айблаган ва Москва ҳамда Ереван ўртасидаги муносабатлар “жиддий мураккаблашиши” мумкинлигини айтган.
Шунингдек, у Зеленскийнинг Арманистонда “жуда илиқ” кутиб олинганини танқид қилган.
“Сиз тарихий жиҳатдан ким тарафдасиз? Кимни қўллаяпсиз?” дея савол қўйган Захарова брифинг вақтида.
Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг Москвадаги элчиси Гурген Арсенянни чақиртирди. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Зеленскийга “Россияга қарши таҳдидли баёнотлар учун минбар берилгани”ни “қатъий қабул қилиб бўлмас ҳолат” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Никол Пашинян жорий йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига бормаслиги ҳақида хабар берилганди. Пашинян ушбу қарорининг сабаби сифатида Арманистон Миллий Мажлисига 7 июнга белгиланган сайловлар олдидан сайловолди кампаниясида иштирок этиш заруритини кўрсатган.
Live
Барчаси