Арманистон тўқнашувни Озарбайжон ҳарбий-сиёсий раҳбариятига ағдарди. Вазият қалтис
Олам
−
27 Сентябрь 2020
11285Арманистон Озарбайжонга қарши қуролли ҳужумни изоҳлади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзишича, бугун, 27 сентябрь куни Арманистон қуролли кучлари Озарбайжоннинг икки вертолётини ва учта учувчисиз самолётни уриб туширган.
Аввалроқ, расмий Бакуда икки мамлакат чегарасидаги бир нечта аҳоли пунктлари Арманистон томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабар берган эди. Степаняннинг таъкидлашича, тўқнашувлар учун барча масъулият Озарбайжоннинг гарданида.
Икки мамлакат ўртасидаги жангавор тўқнашувлар бўйича Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, қуролли тўвнашувни Озарбайжон ҳарбийлари бошлаган.
“Эрта тонгдан Озарбайжон томони алоқа чизиғининг бутун узунлиги бўйлаб интенсив ўқ отишни бошлади, тинч аҳоли пунктларини, шу жумладан пойтахт Степанакертни ҳам атайлаб ўққа тутди.
Биз Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг Тоғли Қорабоғ (Арцах – тарихий номи. Таҳр.) Республикасига қарши агрессиясини қатъиян қоралаймиз. Арманистон томонлари Арцах аҳолисининг хавфсизлигини таъминлаш ва мутаносиб сиёсий ва ҳарбий жавоб бериш учун ўзларининг барча имкониятларидан фойдаланган ҳолда қатъий чоралар кўрадилар. Озарбайжон томонидан амалга оширилган тажовуз учун Озарбайжоннинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади”, дейилади расмий баёнотда.
Айни вақт расмий Баку ушбу баёнотнинг аксини бермоқда.
Икки мамлакат чегараларидаги вазият қалтислашиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 сентябрь куни Баку вақти билан соат 06:00 да Арманистон ва Озарбайжон ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. Бакуга кўра, Еревен Озарбайжон армиясининг бутун фронт чизиғи бўйлаб позицияларини ва фронтал зонада жойлашган турар-жойларни йирик калибрли қуроллардан, миномётлардан ва турли калибрли артиллерия иншоотларидан интенсив ўққа тутган