Арманистон парламентида депутатлар муштлашиб кетди (видео)
Олам
−
24 Май 2023
9015Бугун, 24 май куни Арманистон Миллий Ассамблеясида (парламент) ҳукмрон фракция депутатлари ва мухолифат ўртасида жанжал чиқиб, у муштлашувга айланди. Бу ҳақда “Sputnik Арманистон” хабар берди.
Айтилишича, мухолифатдаги “Арманистон” (“Айастан”) фракцияси аъзоси, Сисиан шаҳрининг собиқ мэри Артур Саркисян парламент мажлисида ўзини бир пайтлар қамоққа ташлаган судья Армен Даниелянни танқид қилган. Шундан сўнг у билан “Фуқаролик шартномаси” партияси вакили Овик Агазарян ўртасида оғзаки жанжал келиб чиққан ва бу муштлашувга айланган. Унга ҳукмрон фракциянинг бошқа вакиллари ҳам қўшилган.
Ҳодисани тўхтатиш учун спикер Ален Симонян хавфсизлик хизматига мухолифатчи депутатни залдан олиб чиқишни буюрган. Мухолифатчи олиб чиқилган, бироқ Саркисян қўриқчиларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атаган ва улар "ҳали жавоб беришларини" ваъда қилган.
Мухолифатчилар йиғилиш хонасидан олиб чиқилгач, улар билан хавфсизлик ходимлари ўртасида тўқнашув содир бўлган. Мухолифатдан чиққан депутатлар нега ҳокимият вакилларини эмас, балки уларни олиб чиқишаётганига эътироз билдирган.
Айтиш жоизки, “Фуқаролик шартномаси”нинг айрим вакиллари ҳам коридорга чиқиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилган. Кейинроқ “Арманистон” мухолифат партияси депутати Ишхан Сагателян воқеани изоҳлар экан, Артур Саркисян сўзини тугатгандан сўнг депутат Овик Агазарян унинг ортидан “Ўтир ва сувни лойқалама”(“Сядь и не рыпайся”), дея бақирганини айтган.
LiveБарчаси