Арманистон Озарбайжонга минтақавий алоқаларни очиш таклифини юборди
Олам
−
13 Ноябрь
2032Арманистон ҳукумати минтақавий алоқаларни очиш бўйича Озарбайжонга таклиф йўллади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Никол Пашинян бугун, 13 ноябрь парламентдаги ҳукумат соати давомида сўз очди.
Унга кўра, Арманистоннинг таклифи иккала давлат учун ҳам мақбул бўлиши мумкин. Ҳукумат, шунингдек, тинчлик битими бўйича ҳали келишилмаган икки модда юзасидан ҳам Бакуга таклифлар тақдим этган.
“Минтақавий алоқаларни очиш масаласида томонлар тўлиқ ва ўзаро мақбул бўлган қарорга келиши мумкин. Бу таклифни биз аллақачон ёзма шаклда Озарбайжонга тақдим этдик”, деди Пашинян.
Унинг билдиришича, минтақавий алоқалар бўйича таклиф Озарбайжонга BRICS саммити чоғида, Қозонда топширилган. Пашинян мазкур саммитдаги иштирокини муҳим ва самарали бўлганини айтиб, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашувини алоҳида қайд этган.
“Таъкидлашим керакки, биз ҳеч қачон бу қадар узоқ суҳбатлашмаган эдик. Жуда муҳим суҳбат бўлди,” деди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил октябрь ойида Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган BRICS саммити доирасида Пашинян ва Алиевнинг учрашган эди. Шундан сўнг икки мамлакат Ташқи ишлар вазирларига тинчлик шартномасини “энг қисқа фурсатда” имзолаш учун музокараларни давом эттириш топширилганди.
LiveБарчаси