Алиев ва Пашинян тинчлик шартномасини тезроқ имзоламоқчи (видео)
Олам
−
24 Октябрь
2698Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қозон шаҳрида ўтаёган BRICS саммити доирасидаги учрашув якунида Ташқи ишлар вазирларига тинчлик шартномасини имзолаш учун уни якуний кўринишга келтириш бўйича музокараларни давом эттиришни ва уни тезроқ якунлашни топширди. Бу ҳақда Арманистон ҳукуматининг матбуот хизмати маълум қилди.
“Ташқи ишлар вазирларига "Тинчлик ўрнатиш ва давлатлараро муносабатлар тўғрисида"ги келишув бўйича икки томонлама музокараларни давом эттириш ва уни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш ҳамда якунлаш бўйича кўрсатма берилди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Пашинян ва Алиев саммит доирасидаги учрашувда тинчлик битими, чегарани делимитация қилиш ва томонлар ўртасидаги бошқа масалаларни муҳокама қилган.
Бундан ташқари, саммитнинг “Outreach/BRICS plus” форматидаги йиғилишида сўзга чиққан Пашинян Арманистон ва Озарбайжон тинчлик ўрнатиш учун асос яратиш бўйича барча принципиал масалаларни 80-90 фоизга келишиб олганини маълум қилган.
Шунингдек, йиғилишда Россия Президенти Владимир Путин ҳам бунга муносабат билдирган.
“Чегараларни демаркация ва делимитация қилиш жараёни бошланганини мамнуният билан қайд этиш лозим, бу ҳақиқатан ҳам тинчлик шартномасига олиб борадиган тўғри йўл”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон билан мунозарали масалаларни ҳал қилмасдан тинчлик битимларини имзолаш вариантини “мутлақо реал эмас” деб атаган эди.