Арманистон Озарбайжонга қарши даъволаридан воз кечишга тайёр – Пашинян
Олам
−
23 Ноябрь
2663Ереван ўзаро келишув асосида Бакуга қарши халқаро даъволардан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян давлат телевидениесига берган интервьюсида сўз очди.
“Агар биз ҳақиқий тинчликка эришсак ва тинчлик шартномасини имзоласак, менимча, бундай келишувга эришиш мумкин. Бу шуни англатадики, улар ҳам, биз ҳам илгари содир бўлган воқеалар тўғрисида даъво қилмаслигимиз ва бу даъволардан ўзаро воз кечишимиз керак”, деди у.
Шунингдек, Пашинян келажакда даъволар учун ҳеч қандай сабаб қолмаслигини таъкидлади.
Маълумот учун, 2021 йилда Арманистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро судига мурожаат қилиб, Озарбайжонни арман миллатига нисбатан ирқий камситишда айблаган. Шу йилнинг ўзида Озарбайжон ҳам Арманистонни минтақадаги озарбайжон миллатига нисбатан камситувчи ҳаракатларда айблаб, қарши даъво билан чиққан.
2022 йилдан бошлаб Ереван ва Баку томонлари ўзаро тинчлик шартномаси бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу келишув узоқ йиллар давом этган можаролар ва таранг муносабатларга барҳам бериш мақсадини кўзлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон ҳукумати минтақавий алоқаларни очиш бўйича Озарбайжонга таклиф йўллаган эди. Унга кўра, Арманистоннинг таклифи иккала давлат учун ҳам мақбул бўлиши мумкин. Ҳукумат, шунингдек, тинчлик битими бўйича ҳали келишилмаган икки модда юзасидан ҳам Бакуга таклифлар тақдим этган.
LiveБарчаси