Арманистон Озарбайжон билан қуролланиш пойгасига бардош бера олмайди – Алиев
Олам
−
18 Декабрь
2073Арманистон Ғарб томонидан бепул ёки кредит асосида етказиб берилаётган қурол-яроғ ёрдамига қарамасдан Озарбайжон билан қуролланиш пойгасига дош бера олмайди. Бу ҳақда бугун, 18 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев РИА Новости’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Бу зарарли йўл деб ҳисоблайман. Биринчидан, Арманистон биз билан қуролланиш пойгасига бардош бера олмайди. Ғарбдан қурол-яроғнинг кўп қисмини бепул ёки кейинчалик, табиийки, кредит ҳисобига олишларига қарамасдан улар бу пойгада бизга бас кела олмайди. Тинчлик шартномаси ва бир вақтнинг ўзида Арманистоннинг бизга қарши қуролланиши – бу ўзаро мос келмайдиган йўналишлардир”, деди Алиев.
Шунингдек, Илҳом Алиевнинг сўзларига кўра, Қарабоғ оккупацияси даврида Озарбайжонга етказилган зарар миқдори 150 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда.
“Биз яқинда етказилган зарар бўйича батафсил таҳлилни якунладик. Бу жараён тўрт йил давом этди ва ҳужжатлар билан қайд этилди. Умумий ҳисобда бу 150 миллиард доллардан ошади”, деди у.
Маълумот учун, Арманистон 2023 йилдан бошлаб Париждан ҳарбий ёрдам олишни бошлаган. Арманистон армияси учун биринчи зирҳли техника партияси Грузия орқали мамлакатга етказиб берилган. 2023 йилнинг октябрь ойида Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню Парижнинг Арманистонга учта Ground Master 200 ( GM200 ) радар тизимини сотишни режалаштираётганини маълум қилган. Бундан ташқари, Франциянинг MBDA ракета тизимлари ишлаб чиқарувчиси билан Mistral портатив зенит-ракета комплекслари бўйича ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Арманистон, шунингдек, Франциядан CAESAR артиллерия қурилмаларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган. Яна, француз-немис мудофаа консорциуми KNDS билан ҳамкорлик қилиш бўйича битим имзоланган, бироқ бу шартноманинг тафсилотлари ошкор қилинмаган.
Бундан ташқари, 2022 йилда Арманистон Ҳиндистон билан Акаш ракета тизимининг 15 комплектини сотиб олиш учун қиймати 710 миллион доллар бўлган битим тузган. Шунингдек, Ҳиндистоннинг Zen Technologies компанияси билан 41,5 миллион долларлик дронларга қарши тизим етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Арманистоннинг собиқ Совет Иттифоқи даврида мавжуд бўлган чегараларидан воз кечиши давлат суверенитети ва мустақилликдан воз кечиш билан тенг эканини билдирган эди.
LiveБарчаси