Арманистон Иккинчи Қорабоғ уруши сабоқларини ёдда тутиши керак – Алиев

Олам

image

Арманистон томони Иккинчи Қорабоғ уруши сабоқларини ёдга олиши ва олов билан ўйнаш Ереванга қимматга тушишини тушуниши керак. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 8 ноябрь куни Шуша шаҳридаги Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар олдида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Агар Арманистон ҳукумати ёки мухолифати ёки кимдир яна Озарбайжонга қарши режалар тузса, у мамлакатимизнинг “темир мушти”га дуч келади. Сўнгги икки йилдаги воқеалар буни кўрсатди”, дейди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугун Арманистонда 2020 йилги уруш натижаларига чидашни истамаган реваншист кучлар бош кўтармоқда. Алиев жорий йил воқеалари, жумладан, “Фаррух” ва “Қасос” операциялари, шунингдек, 13-14 сентябрь кунлари Арманистон-Озарбайжон чегарасида содир бўлган воқеаларни эслади.

“Буларнинг барчаси Арманистон учун сабоқ бўлиши керак. Умид қиламизки, улар охир-оқибат тушунади ва ўз ички ишлари билан шуғулланади, қўшниларининг ерларига кирмайди”, дейди Президент Алиев.

Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Озарбайжон ҳудудларида вақтинча жойлашган. Президентнинг таъкидлашича, Ереван 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотнинг бандларига тўлиқ амал қилмаяпти.

“Арманистон ўз Қуролли Кучларини Қорабоғдан тўлиқ олиб чиқмаган. Арманистон Қуролли Кучлари Қорабоғда нима қиляпти? Бизнинг сабр-тоқатимиз чексиз эмас! Бизга Зангезур йўлаги ҳам берилмади. Шу билан бирга, арман томони вақти-вақти билан ҳарбий провокацияларни амалга оширяпти. Албатта, биз тайёр бўлишимиз керак ва биз тайёрмиз”, дейди Илҳом Алиев ва Зангезур йўлаги Арманистоннинг мажбурияти эканлигини таъкидлаб.

Президент икки йил аввал Озарбайжон Қуролли Кучлари Шуша шаҳрини душман босқинидан озод этиб, ўз тарихи йилномасига шонли саҳифа ёзганини эслади.

“Биз ҳаммамиз тушундикки, Шуша шаҳрисиз ғалабамиз тўлиқ бўлмайди”, дейди Озарбайжон раҳбари.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг