Арманистон 4 мингга яқин озарларни қириб ташлади – Илҳом Алиев

Олам

image

Биринчи Қорабоғ уруши оқибатида 4 мингга яқин озарлар бедарак йўқолди. Уларнинг барчаси Арманистон томонидан қийноқлар билан ўлдирилган. Қорабоғ озод қилингандан кейин бир неча жойларда оммавий қабрларни топилди. Арманистон ҳалигача бедарак йўқолган озарбайжонликлар тақдири ҳақида маълумот беришдан бош тортмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқида айтиб ўтди. 

Унинг қайд этишича, Арманистон томонидан 30 йиллик ишғол даврида юзлаб шаҳар ва қишлоқлар, тарихий ва диний обидалар, қабристонлар атайлаб вайрон қилинган. 

“Хорижлик экспертлар вайрон бўлган Ағдам шаҳрини “Кавказнинг Хиросимаси” деб атамоқда. Қорабоғ ва Шарқий Зангезурдаги 67 та масжиддан 65 таси арманлар томонидан вайрон қилинган, қолган иккитаси чўчқахона ва сигирхона сифатида фойдаланилган”, дейди Илҳом Алиев. 

Арманистон истилоси туфайли Озарбайжон дунёдаги миналардан энг кўп зарарланган давлатлар қаторига киради. Иккинчи Қорабоғ урушидан сўнг, яъни 2020 йил ноябридан бери мина портлашлари оқибатида 300 га яқин озарбайжонликлар ҳалок бўлди ёки оғир жароҳат олди. 

Арманистон 2022 йилда Прага ва Сочида Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олган бўлса-да, ҳалигача Озарбайжон ҳудудларидан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқмаган. Қорабоғда ноқонуний арман тузилмалари ва жиноий унсурлар сақланиб қолган. 

Шунингдек, Арманистон Зангезур коридорини очиш мажбуриятини бажаришдан бош тортмоқда. 

“Арманистон 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама Баёнотни қўпол равишда бузмоқда ва бунинг учун жавобгарликка тортилиши керак”. 

2020 йилда Қорабоғ ва Шарқий Зангезур арман босқинидан озод қилинганидан кейин Озарбайжон бу ҳудудларда кенг кўламли реставрация ишларини олиб бормоқда. Озарбайжон Арманистон томонидан бутунлай вайрон қилинган улкан ҳудудларга ҳаёт қайтармоқда. 

“Биз 9 та янги шаҳарни нолдан қайта қурмоқдамиз ва биринчи босқичда 300 дан ортиқ қишлоқ ва шаҳарчалар қурилмоқда”, дейди Илҳом Алиев. 

У ўз навбатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга миннатдорлик билдирди. 

“Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Ўзбекистон томонидан озод қилинган Фузули вилоятида қурилаётган мактаб ва у ерда Қозоғистон томонидан бунёд этилаётган маданият-санъат маркази учун ўз миннатдорлигимни билдираман. 

Яна шуни маълум қилмоқчиманки, яқинда Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция жамғармаси ва Озарбайжон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ташкил этилган”, дейди Озарбайжон раҳбари. 

У сўзида давом этиб, туркий дунё туркий давлатлар чегаралари билан чегараланиб қолмаслигини урғулади.

“Туркий дунё анча кенгроқ географияни қамраб олади. Дунёда 50 миллиондан ортиқ озарлар яшайди. Уларнинг атиги 10 миллиони мустақил Озарбайжон Республикасида истиқомат қилади. 

Совет ҳукуматининг 1920 йил ноябрдаги қарори билан тарихий заминимиз бўлган Ғарбий Зангезурнинг Озарбайжон таркибидан ажралиб, Арманистонга ўтказилиши туркий дунёнинг географик бўлинишига сабаб бўлди. 1991 йилга қадар барча озарлар ҳозирги Арманистон ҳудудидан мажбуран чиқариб юборилган. Қорабоғ ва Шарқий Зангезурда бўлгани каби Арманистон ҳам ҳозирги Арманистон ҳудудидаги, яъни Ғарбий Озарбайжондаги маданий меросимизни, масжидларимизни, тарихий обидаларимизни вайрон қилди. Озарбайжон жамоатчилиги ҳозирги Арманистондаги озар халқининг маданий меросини кузатиш мақсадида ушбу давлатга фактларни аниқлаш миссиясини юбориш илтимоси билан бир неча бор UNESCO’га мурожаат қилган ва UNESCO’дан ижобий жавоб кутмоқда. 

Ғарбий Озарбайжонда этник тозалашга учраган ватандошларимиз энди Ғарбий Озарбайжон ҳамжамиятига бирлашди. Улар ўз олдиларига тарихий ерларга тинч йўл билан қайтишни мақсад қилиб қўйганлар. Ғарбий Озарбайжон ҳамжамияти томонидан ишлаб чиқилган Қайтиш концепциясига кўра,ҳозирги Арманистон ҳудудидан мажбуран депортация қилинган озарларни ўз ватанларига қайтариш учун тегишли текшириш ва кафолат механизмига эга бўлган қонуний кучга эга халқаро келишувга эришиш керак. 

Биз Озарбайжон давлати Қорабоғда яшовчи арманларнинг шахсий ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаганимиздек, Арманистон ҳам ўзаролик тамойили асосида Ғарбий озарларнинг ҳуқуқ ва хавфсизлигини таъминлаши керак”, дейди Илҳом Алиев. 

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ Туркий Давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг