Арман ҳарбийлари Озарбайжон позицияларига 12 марта ўқ узди – Расмий Баку

Олам

image

Бугун, 5 август куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги республика Қуролли Кучларининг Арманистон билан чегараси ва Қорабоғдаги позициялари ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.

“Ўтган сутка давомида арман қуролли тузилмалари Озарбайжон армиясининг позицияларини 12 марта ўққа тутди”, дейилади хабарда.

Мудофаа идорасининг аниқлик киритишича, Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги Басаркечар туманининг Наримонли ва Зярканд аҳоли пунктлари йўналишида жойлашган позициялардан Озарбайжон армиясининг Калбажар ва Лочин вилоятларидаги позициялари уч мартадан ўққа тутилган.

Бундан ташқари, хабарда айтилишича, “Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари”  снайпер милтиқлари ва турли калибрли ўқотар қуроллардан Ағдам, Хўжаванд ва Хўжайли туманлари йўналишида Озарбайжон Қуролли Кучларининг позицияларига тўққиз марта ўқ узган.

“Озарбайжон армиясининг шахсий таркиби ва техникаларида йўқотиш йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.

Идоранинг қайд этишича, барча ҳолатларда Озарбайжон кучлари бўлинмалари “адекват жавоб чораларини” кўрган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 август куни Озарбайжон билан тўқнашув чизиғида вазиятнинг кескинлашиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, айни вақтда вазият нисбатан сокинлашган, Тоғли Қорабоғ кучлари россиялик тинчликпарвар кучлар билан бирга вазиятни барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига кеча Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг