“Арқадағ” ўғлининг номидан Синдзо Абэни хотирлаш маросимини ўтказди
Олам
−
12 Июль 2022
10597Кеча, 11 июль куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Миллий Генгешнинг Халқ маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигида Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ хотирасига бағишланган қурбонлик-садақа маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” нашри хабар берди.
“Арқадағ” меҳмонхонасида ўтказилган хотира тадбирида ҳукумат аъзолари, мамлакат ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, Туркманистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этган.
Туркманистон Миллий Генгешининг Халқ маслахати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокчилар олдида сўзга чиқиб, Президент номидан ушбу Қурбонлик садақасини Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэнинг муборак хотирасига бағишлашини таъкидлаган.
“Бу ажойиб шахс, замонамизнинг буюк сиёсатчисининг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу сақланиб қолади”, деган Гурбангули Бердимуҳамедов.
Синдзо Абэ хотирасига бир дақиқалик сукут эълон қилинган. Сўнгра Ашхобод имом-хатиби хотира намозини ўқиган, сўнг қурбонлик садақаси берилган.
Гурбангули Бердимуҳамедов Япония элчисидан Туркманистон раҳбари номидан император Нарухитога, дўст мамлакат Бош вазири Фумио Кисидага чуқур ҳамдардлик билдиришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни Синдзо Абэ 10 июль куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдида кўчада ташвиқот тадбирида нутқ сўзлаётган вақтида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тэцуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ бош вазир маҳаллий вақт билан соат 17:03 да вафот этди, у 67 ёшда эди.
2002 йилдан 2005 йилгача мамлакатнинг денгиздаги ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларида хизмат қилган эркакнинг уйидан портловчи моддалар топилди. Эркакка расман қотиллик айблови қўйилган.
Маълумот учун, Синдзо Абе икки марта, 2006-2007 ва 2012-2020 йилларда Бош вазир лавозимида ишлаган. 1954 йилда туғилган Абэ Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япониянинг энг ёш Бош вазири бўлган.
LiveБарчаси