Ариповга қатор туман ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилди
Жамият
−
16 Январь
8546Бош вазир Абдулла Ариповга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Балиқчи, Жалақудуқ, Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Бюджет тушуми учун энг катта захира – ерларни тадбиркорларга аукцион орқали сотиш. Ўтган йили бундан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳалар қўшилган. Лекин жойлардаги сусткашлик боис, ўтган йили 3 триллион сўм қўшимча тушум бой берилган.
Ушбу йиғилишда Бош вазирга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Балиқчи, Жалақудуқ, Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилган.
Давактив агентлиги ерларни аукционда сотиш бўйича 4 триллион сўмлик режани туманбай ишлаб чиқиши ва ижросини таъминлаши белгиланди.
Туманнинг мастер режаси бўлса, бу жуда катта маблағ, тадбиркорлар ва бандлик учун манба бўлади. Лекин ҳозиргача бор-йўғи 17 та кичик аҳоли пунктининг мастер режаси тайёрланган.
Видеоселекторда иқтисодий комплекс раҳбариятига йил якунига қадар 70 та, келаси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқишга топшириқ берилган.
“Бугунги кундаги энг долзарб масала, бу – яширин иқтисодиёт”, дейди Президент.
Таҳлиллар хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида ўнлаб триллион сўмлик маҳсулот “соя”да қолаётганини кўрсатмоқда. Бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм, бюджетга 30 триллион сўм тушум йўқотилмоқда.
Масалан, қурилиш корхоналарининг 41 фоизи ҳисоботида фақат 1 нафар ишчисини кўрсатган. Ваҳоланки, бу корхоналар ўтган йилни ўзида 4 триллион сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Ёки камида 25 гектардан ери бор 5 мингта мева-сабзавотчилик фермер хўжалигида 1 тадан расмий ишчи рўйхатдан ўтган.
“Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Яширин иқтисодиёт, авваламбор, тўғри ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига катта тўсиқ бўляпти. Бугунги кунда интизомли тадбиркорлар “қани адолатли рақобат” деган ҳақли эътирозларини кўп-кўп айтяпти”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси