Аргентинада самолёт ҳалокатга учради. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
19 Декабрь
4652Аргентинанинг Сан-Фернандо шаҳрида Bombardier Challenger 300 хусусий самолёти қўниш вақтида турар-жой биносига урилиб, ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида самолётда бўлган икки учувчи ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий “La Nacion” нашри хабар берди.
Аргентина Миллий фуқаролик авиацияси бошқармаси маълумотларига кўра, самолёт Уругвайнинг Пунта-дель-Эсте сайёҳлик шаҳридан учиб келган ва бортида йўловчилар бўлмаган. Ҳозирда ҳалокат сабаблари аниқланмоқда.
Нашрнинг ёзишича, самолёт Аргентинанинг Macro банки эгаларига тегишли бўлган. У қўниш вақтида турар-жой биносига урилган ва портлаб, ёниб кетган. Самолётда бўлган иккинчи учувчи – 35 ёшли Агустин Орфорте ҳамда 44 ёшли Мартин Фернандес Лоза ҳалок бўлган. Ҳалокат оқибатида атрофдаги машиналар ҳам ёниб кетган ва учта уй зарар кўрган. Улардан бирида яшовчи 73 ёшли эркак шифохонага етказилган.
Воқеа жойига тезкорлик билан ёнғин ўчириш бригадалари етиб бориб, аланга ўчирилган. Айни пайтда терговчилар ҳалокат сабаблари бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Техас штати Виктория шаҳрида кичик самолёт фавқулодда йўлга қўниши оқибатида учта автомобиль билан тўқнашганди ва иккига бўлиниб кетган эди. Учувчи самолётда ёлғиз бўлган. АҚШ Федерал авиация бошқармаси воқеа юзасидан тергов бошлаган.
LiveБарчаси