ССВ коронавирус беморларини даволаётган хусусий клиникаларни огоҳлантирди

Жамият

image

COVID-19 га чалинган беморларни қабул қилган хусусий клиникалар даволаш стандартларини бузса, лицензияси суд орқали бекор қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантирди.

Вазирликда COVID-19 инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров COVID-19 инфекциясини даволаётган нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисида маълумот берган.

Маълум қилинишича, пойтахтда жами 14 та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Шулардан фақат 7 таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган. 

Қайд этилишча, COVID-19 инфекциясини даволаётган хусусий тиббиёт ташкилотларининг аксариятида зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар мавжуд эмас. 

“Энг ачинарлиси, улар орасида санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилмасдан иш юритаётганлари мавжуд”, дейди вазирлик.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Анестезиология ва реаниматология кафедраси ассистенти Алла Росстальная хусусий клиникаларда COVID-19 инфекциясидан даволанаётган беморларга юритилган касаллик тарихларини таҳлил қилар экан, уларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, икки ва ундан ортиқ антибиотиклар берилганлигини, даволаш стандартларига зид равишда инфузион суюқликлар қуйилганлигини кўрсатиб берган. 

Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, COVID-19 инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, биттадан ортиқ антиботикни қўллаш касалликнинг тез суратларда оғир шаклига ўтиб кетишга сабаб бўлмоқда. Мониторинг давомида хусусий тиббиёт ташкилотларида айнан шундай хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармасига ҳудудий санитария-эпидемиология ташкилотлари билан биргаликда хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолиятини мониторинг қилиб бориш, даволаш стандартларини бузган хусусий клиникаларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, шу жумладан, уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритиш бўйича топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг