Араб Лигаси БМТдан Исроилни Суриядан чиқишга мажбурлашни сўради
Олам
−
05 Март 2025 4758 2 дақиқа
Араб давлатлари лигасига аъзо давлатлар Исроилнинг Сурияга бостириб киришини қоралаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини республикага қарши тажовузни тўхтатишга мажбур қилишга чақирди. Бу ҳақда кеча, 4 март куни Мисрнинг янги маъмурий пойтахтида бўлиб ўтган минтақавий ташкилотнинг фавқулодда саммитининг якуний декларациясида сўз боради.
“Биз Исроилнинг Сурия Араб Республикасига ҳужумлари ва босқинини қоралаймиз, бу халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши ва Сурия суверенитетига тажовуздир”, дейилади ҳужжатда.
Араб Лигаси давлатлари етакчилари халқаро ҳамжамият ва БМТ Хавфсизлик кенгашини шошилинч чоралар кўришга ва “Исроилни агрессияни тўхтатишга ва Сурия ҳудудидан қўшинларини олиб чиқишга мажбур қилиш”га чақирди.
Араб етакчилари Исроилнинг Жўлон тепаликлари буфер зонасига бостириб кириши 1974 йилда Сурия билан кучларни ажратиш келишувини қўпол равишда бузиш эканлигини айтди.

Араб Лигасига аъзо давлатлар Жўлон тепаликларини “босиб олинган Сурия ҳудуди” деб ҳисоблашини ва Исроилнинг “у устидан ўз суверенитетини ўрнатиш” қарорини рад этишларини таъкидлади.
Маълумот учун, ўтган йил охирида Сурияда ҳокимият алмашди. Собиқ президент Башар Асад Россияга қочиб кетди. Ҳокимиятни Аҳмад аш-Шара эгаллади.
Исроил кучлари эса ҳеч қандай қаршиликка дуч келмай, Жўлон тепаликларида жойлашган Хермон тоғининг Сурия томонини назорат остига олди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўша пайтда 1974 йилда Сурия билан кучларни ажратиш тўғрисидаги келишув кучини йўқотганини, чунки Сурия қўшинлари Дамашқда ҳокимият алмашганидан кейин ҳудудни тарк этганини айтди. Кейинчалик Исроил Суриядаги ҳарбий нишонларга бир неча бор зарбалар берди.
23 февраль куни Нетаньяху Суриянинг янги маъмурияти қўшинларининг Дамашқ жанубида бўлишига йўл қўймаслигини таъкидлади ва Суриянинг жанубий ҳудудларини “тўлиқ демилитаризация”ни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, Араб Лигаси саммити иштирокчилари Миср томонидан тайёрланган Ғазони қайта қуриш режаси ва якуний декларацияни бир овоздан қабул қилганди.
Live
Барчаси