Араб дунёсида машҳур Arabian Business журнали ўзбекистонлик тадбиркор ҳақида ёзди
Бизнес
−
17 Февраль
11648Ўзбекистонлик тадбиркор, MAHMOOD KEBAB ресторанлар тармоғи асосчиси Нодир Маҳмудов билан интервью ва у ташкил этган ресторанлар тармоғи ҳақидаги мақола араб диёрларида чоп этиладиган энг оммабоп журнал – Arabian Business’дан ўрин олди. Журналнинг галдаги сонида Нодир Маҳмудов асос солган ресторанлар тармоғининг кенгайиш босқичлари, Мадина шаҳрида очилган MAHMOOD KEBAB ресторани ҳақида сўз борган.
Журналда ёзилишича, MAHMOOD KEBAB Мадинаи мунаввара, хусусан, Ҳарам ҳудудида очилган илк ўзбек ресторани бўлиб, Arabian Business’нинг урғу беришича, бугунгача бўлган овқатланиш шохобчалари араблар билан ҳамкорликда ташкил этилганидан келиб чиқилса, MAHMOOD KEBAB юридик нуқтаи назардан ҳам тўлиқ биринчи ўзбек ресторани ҳисобланади. Яъни, унинг 100 фоиз ҳиссадори ўзбекистонлик тадбиркор.
MAHMOOD KEBAB – анъанавий таомларни замонавий меҳмондўстлик стандартлари билан уйғунлаштирган ўзбек ресторани, дея таъриф беради журнал.
Мадина шаҳридаги ресторан 2024 йил июнь ойида очилган. У Ас Сафийяҳ музейи ва боғида, Масжидул Набавийдан атиги 200 метр узоқликда жойлашган.
Мақолада таърифланишича, MAHMOOD KEBAB’нинг иккита асосий мақсади бор: меҳмонларни асл таъм билан хурсанд қилиш ва ходимлар учун қулай иш шароитларини яратиш.
“Биз инсонларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилашга интиламиз. Ресторанимиз Ўзбекистон ошпазлик анъаналарини замонавий хизмат кўрсатиш стандартлари билан уйғунлаштиради. Биз кабоб, сомса, ош ва Марказий Осиё таомларининг тақдим этамиз”, дейди Нодир Маҳмудов.
Ёзилишича, Мадинадаги ресторанда фақат маҳаллий Саудия Арабистони барра гўштидан фойдаланилади, бу эса маҳсулот сифати ва қатъий ҳалол стандартларига мувофиқлигини кафолатлайди.
Албатта, ўзбекистонлик тадбиркор учун Саудия Арабистони бозорига кириш осон кечмаган.
Мадинадаги Ас Сафийяҳ музейи ва боғи қурилиши бошланганида, MAHMOOD KEBAB жамоаси кенг кўламли лойиҳа учун имкониятни кўрган.
“Мен учун тадбиркор ва мусулмон сифатида Мадинада ўзбек ресторани очиш шахсий орзуим эди”, дейди Маҳмудов.
Бироқ Саудия Арабистонида Ўзбекистон компаниясининг филиалини рўйхатдан ўтказиш жараёни қийин кечган. MAHMOOD KEBAB мураккаб бюрократик жараёндан ўтиши керак эди ва унга маҳаллий ҳукумат органлари ёрдам берди.
“Биз Саудия Арабистони ҳукуматидан кўрсатган ёрдами ва тақдим этилган имконият учун алоҳида миннатдормиз”, дейди Маҳмудов.
Тадбиркор Маҳмудовнинг интервьюда таъкидлашича, рестораннинг келгуси мақсадлари географияси фақат Мадина шаҳри билан чекланмаган.
“Мақсадимиз – шаффоф, миллий йўналтирилган ва ҳалол стандартларига тўлиқ жавоб берадиган энг йирик халқаро ҳалол ресторанлар тармоғини яратиш”, дейди у.
Мақола муаллифининг ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда MAHMOOD KEBAB’нинг учта ресторани фаолият юритмоқда ва Мадина шаҳридаги филиалнинг ишга туширилиши халқаро миқёсда кенгайиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. MAHMOOD KEBAB’да жами 150 нафар ходим ишлайди ва ҳар ой 100 000 дан ортиқ меҳмонларга хизмат кўрсатади.
Компаниянинг яқин келажакдаги режаларига Саудия Арабистонида иккита янги ресторан, жумладан Маккада битта ресторан очиш киради.
“Саудия Арабистони ва ундан ташқаридаги стратегик аҳамиятга эга шаҳарларда ресторанлар очиш биз учун устувор вазифадир. Биз франчайзинг дастурини фаол ривожлантиряпмиз, қадриятларимиз билан ўртоқлашувчи ҳамкорларни жалб қиляпмиз. Бу бизга барқарор сифатни сақлаб, тезроқ ўсиш имконини беради”, дейди тадбиркор.
Arabian Business’нинг ёзишича, Мадинаи Мунаввара, Ҳарам ҳудудидаги MAHMOOD KEBAB шунчаки ресторан эмас. Маҳмудов учун бу ушалган орзунинг рамзи. Рестораннинг очилиши нафақат тарихий воқеа, балки ҳалол ресторан бизнесининг халқаро майдонда ривожланишидаги муҳим қадам бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, Arabian Business журналининг бундан аввалги сонида туркиялик таниқли ошпаз ва ресторанлар тармоғи асосчиси Нусрет Гўкче (Salt Bae) билан интервью эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Тренддагилар


