Араб давлатлари лигаси “Ҳизбуллоҳ”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди
Олам
−
29 Июнь
8367Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи кеча, 28 июнь куни Араб давлатлари лигасининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби ёрдамчиси Хоссам Закининг сўзларига таяниб, “Al-Akhbar” газетаси хабар берди.
“Араб давлатлари лигаси “Ҳизбуллоҳ”нинг террорчи ташкилот сифатидаги ёрлиғини олиб ташлашга қарор қилди. Чунки у Ливаннинг ҳозирги сиёсати ва келажагида ҳал қилувчи роль ўйнайди”, деган мисрлик дипломат.
Заки 2016 йилда Саудия Арабистони ташаббуси билан “Ҳизбуллоҳ” Араб Лигаси томонидан террорчи ташкилот деб топилганидан бери биринчи марта партиянинг етакчи вакили Муҳаммад Раад билан учрашди. “Ҳизбуллоҳ” ўшанда Эроннинг Яқин Шарқ бўйлаб таъсирини кучайтиришда ва Ироқ, Яман, Ливан, Сурия ва Форс кўрфази давлатларининг ички ишларига аралашишда айбланган.
“Жанубдаги ҳарбий кучайиш нафақат Ливанда, балки бутун Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликка нисбатан жиддий муаммо туғдиради”, деган Заки.
Шунингдек, дипломат вазиятни жиловлаш учун барча томонлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясига риоя қилиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият Ғазо секторида давом этаётган урушни тўхтатишни талаб қилиши керак. Бу эса Ливан жанубидаги қарама-қаршиликни тўхтатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Қатардан Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида воситачилик қилишни сўрагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Исроил зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” қўмондони ҳалок бўлганди.