Ар-Риёддаги музокараларга Россиядан кимлар бориши айтилди
Олам
−
17 Февраль 10556 2 дақиқа
Эртага, 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Америка делегацияси билан учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россия Президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этади. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 17 февраль куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Қайд этилишича, учрашув Россия-Америка муносабатларини тиклаш, Украина можароси бўйича эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўриш ҳамда Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашувини ташкил этишга бағишланади.
“Бугун Президент Путин топшириғи билан Ташқи ишлар вазири Лавров ва Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков Ар-Риёдга учмоқда. Сешанба куни Ар-Риёдда улар америкалик ҳамкасблари билан биринчи навбатда Россия-Америка муносабатларининг бутун мажмуасини тиклашга бағишланган учрашув ўтказиши кутилмоқда”, деган Кремль вакили журналистларга.
Песковнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси Москвадаги музокаралар якунлари бўйича тўлиқ ҳисобот тақдим этади.
“Аммо шошилинч ҳисоботлар керак бўлса, унда барча алоқа имкониятлари мавжуд”, деган у.
Матбуот котиби музокараларда Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриевнинг иштироки ҳақидаги ОАВ хабарларига изоҳ беришдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ар-Риёд шаҳрида бўладиган учрашувда АҚШ делегацияси таркибига Давлат котиби Марко Рубио, Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф кириши ҳақида хабар берилганди.