Apple янги арзон iPhone’ни тақдим этди (видео)
Технология
−
20 Февраль
13642Кеча, 19 февраль куни Apple компанияси iPhone 16e номли янги бюджет смартфонини тақдим этди. У икки хил комплектацияда бўлиб, 21 февралдан олдиндан буюртма беришни бошлаш мумкин. Бу ҳақда компания сайтида эълон қилинди.
Янги iPhone аввалги бюджет модели – iPhone SE’нинг ўрнини эгаллайди. Сотувга чиқарилган илк пайтда қурилмада фақат инглиз тили қўллаб-қувватланади, бошқа тиллар эса компания томонидан апрель ойидан бошлаб қўшилиши режалаштирилган. iPhone 16e’да олдинги авлод смартфонларида мавжуд бўлган Home тугмаси ва Touch ID бармоқ изи сканери бўлмайди – Apple ушбу технологиядан бутунлай воз кечишга қарор қилган.
Смартфон учун олдиндан буюртма 21 февраль куни тонги соат 5:00 дан (Тинч океани вақти бўйича) бошланади. Буюртма бериш имконияти 59 та мамлакат ва ҳудудлар учун очилади. Apple тўлиқ рўйхатни эълон қилмаган, бироқ Австралия, Канада, Хитой, Франция, Германия, Ҳиндистон, Япония, Малайзия, Мексика, Жанубий Корея, Туркия, БАА, Буюк Британия ва АҚШ ушбу мамлакатлар қаторига кириши маълум қилинган. Етказиб бериш эса 28 февралдан бошланади.
iPhone 16e дисплейи 4,7 дюймдан 6,1 дюймгача катталашади, оператив хотираси эса 4 гигабайтдан 8 гигабайтга оширилади. Қурилмада матн, фото ва видео билан ишлаш учун сунъий интеллект воситаси ҳам мавжуд бўлади. Apple iPhone 16 ва iPhone 16 Plus моделлари учун ишлаб чиқарилган А18 чипини ушбу моделга ҳам ўрнатади.
Шунингдек, Apple барча iPhone 16e фойдаланувчиларига ChatGPT’дан бепул фойдаланиш имкониятини беради. Бунинг учун ҳисоб қайдномасини яратиш талаб қилинмайди. Apple компанияси OpenAI фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва сўровлар тарихига кириш ҳуқуқига эга бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Техник хусусиятлар:
- Ўлчамлари: 146,7 × 71,5 × 7,8 мм, 167 г;
- Дисплей: 6,1 дюйм, Super Retina XDR OLED, 1200 нит, 60 Гтс;
- Процессор: 6 ядроли Apple А18, 4,04 ГГс, Apple GPU (4 ядро);
- Хотира: 8 ГБ RAM + 128/256/512 ГБ доимий хотира;
- Камера: 48 МП, 26 мм, ƒ/1.6 + 12 МП, ƒ/1.9;
- Батарея: “26 соатгача видео томоша қилиш”, 20 Вт тезкор қувватлаш;
Сотув:
- Олдиндан буюртма – 21 февралдан;
- Сотувга чиқиш – 28 февралдан;
Ранглар: қора ва оқ
Нархлар:
- 128 ГБ – 599 доллар;
- 256 ГБ – 699 доллар;
- 512 ГБ – 899 доллар;
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 9 сентябрь куни It's Glowtime тақдимоти доирасида Apple икки асосий модель – iPhone 16 ва iPhone 16 Plus смартфонларини тақдим этганди. iPhone 16 6,1 дюймли дисплейга эга, iPhone 16 Plus эса 6,7 дюймли панелдан фойдаланади. Иккала модель ҳам мослаштириладиган Action тугмаси билан фото ва видео суратга олиш учун сенсорли Capture тугмасига эга бўлади. Ундан катталаштириш ёки фокуслаш учун фойдаланиш мумкин.
LiveБарчаси