Хитой ғалабага яқин – 25 март куни Хубэйда карантин бекор қилинади
Олам
−
24 Март 2020
8753Хитой ҳукумати 25 март куни Хубэй провинциясига кириш ва чиқишга бўлган чекловни бекор қилади. Соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитасининг бугун, 24 март куни эълон қилган баёнотига кўра, 8 апрелдан эътиборан Ухандаги чекловлар ҳам олиб ташланади.
Ҳужжатга кўра, ушбу қарор минтақада эпидемиологик вазият яхшиланиши фонида қабул қилинди. “25 март куни соат 00:00 дан (24 март куни Тошкент вақти билан соат 21:00) Хубэй провинциясидаги йўлларда чекловлар олиб ташланади ва кириш-чиқишдаги транспорт ҳаракати тикланади. Ухань тумани бундан мустасно”, дейилади маълумотда.
Шунингдек, 8 апрель куни соат 00:00 дан (7 апрель куни Тошкент вақти билан 21:00) Ухандаги транзит йўлларида ҳаракатланиш чекловлари олиб ташланади. Шаҳарга кириш-чиқиш учун транспорт алоқаси тикланади.
Хубэй провинцияси ва Уханда 23 январда карантин жорий этилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусга 81405 нафар киши чалинди. 73306 киши шифо топган бўлса, инфекция оқибатида 3277 киши вафот этди.