АПЛ жамоаси Винисиус билан боғлиқ вазиятни кузатмоқда

Спорт

image

Лондоннинг “Челси” клуби бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниорнинг “Реал Мадрид”даги вазиятини диққат билан кузатмоқда. Энцо Мареска жамоаси агар Винисиус “Бернабеу”ни тарк этишга қарор қилса, уни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Бу ҳақда “TEAMTALK” нашри хабар берди.

“Реал Мадрид” ҳозирча Винисиус билан янги шартнома имзоламаган. Унинг амалдаги битими 2027 йилнинг ёзида якунланади, аммо клуб уни текинга йўқотмаслик учун ёзги трансфер ойнасида сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Лондоннинг “Челси” жамоаси эгаси Тодд Бели Винисиусни қўлга киритишни истамоқда, чунки бу клубга катта тижорий фойда олиб келиши мумкин.

Олдинроқ футболчининг қиймати 200 миллион фунт стерлинг атрофида баҳоланган эди. Бироқ агар “Реал Мадрид” янги шартнома таклиф қилмаса, бразилиялик юлдузни анча паст нархда қўйиб юбориш эҳтимоли ортади.

Винисиуснинг “Эль-Класико”даги сўнгги чиқиши, “Барселона”га қарши ўйинда у 72-дақиқада алмаштирилганидан сўнг: “Ҳар доим мен! Кетаман, кетганим маъқул!”, деган сўзлари ҳозирда диққат марказида бўлиб турибди.

“Челси”дан ташқари, “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ҳам футболчига қизиқмоқда. Шу билан бирга, Саудия Арабистонининг бир неча клублари ҳам Винисиусни катта маош эвазига жалб этишга уринмоқда, бироқ футболчининг Яқин Шарққа ўтиш истаги йўқ.

Агар Винисиус “Челси”га ўтса, бу клубнинг чап қанотида ўйнаётган Алехандро Гарначо ва Жейми Гиттенс учун жиддий рақобат туғдиради. Ҳар иккиси ҳам ёш ва истиқболли ўйинчилар бўлса-да, бразилиялик юлдузнинг тажрибаси ва даражаси уларни ортда қолдиради.

Винисиуснинг “Реал Мадрид”даги келажаги ҳали аниқ эмас. Клуб янги шартнома масаласини чўзса, бразилиялик футболчи 2025 йилги ёзги трансфер ойнасида жамоани тарк этиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Винисиус Жуниор “Челси” Энцо Мареска

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг