АОКА Бозоровнинг ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётгани юзасидан баёнот берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бесоқолбозлик – ЛГБТга тарғиб қилиб чиқишлар қилинаётгани, бу иллатга қарши ёки уни ёқлаб намойишлар уюштириш учун бўлаётгани чақириқлар юзасидан расмий баёнот берди.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, фикр юритиш ва уни мустақил ифодалаш барқарор ривожланиб, жамиятда кун сайин фикрлар, қарашлар хилма-хиллиги ўзгариб бормоқда. 

Сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муҳим йўналишлардаги турли саволлар, шу жумладан нозик масалалар ҳам жамият иштирокида очиқ-ошкора муҳокама қилинмоқда.

Сўнгги кунларда интернет тармоғидаги ахборот майдонида аҳолисининг қарийб 94 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ЛГБТ ғояларини тарғиб қилаётган Миразиз Бозоровнинг ноқонуний чақирувлари оқибатида жамоатчилик, хусусан бошқа блогер ва интернет фойдаланувчилари томонидан кескин эътирозлар, таҳдидлар юзага келмоқда”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, АОКА мазкур ҳолатларни аввалдан тартибга солиш мақсадида Facebook ва Telegram ахборот ресурсларида 200 дан зиёд ўлдириш, зўравонлик ишлатиш таҳдидлари ёзилган постлар ҳамда изоҳлар мавжуд бўлган 54 та веб-сайтлар, веб-саҳифалар маъмурлари, блогерларга ЛГБТ ва бошқа шу каби номақбул оқимлар фаолиятини билиб-билмасдан тарғиб қилиш, ноқонуний кўча юришларига чорлашни тўхтатиш бўйича расмий хабарномалар юборган.

Бундан ташқари, Миразиз Бозоровннинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқий баҳо берувчи Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси тайёрланди.

“Жамият ҳамда интернет фаоллари, айрим блогер ва журналистларнинг ҳолат юзасидан ўз позициялари билдирилган хулосалари шакллантирилмоқда”, дея таъкидлаган агентлик.

Мазкур хулосалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчиликка зид ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чоралар қўллашда фойдаланиш учун юборилади.

Агентлик барча блогерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан жамият орасида адоват қўзғатувчи, турли хил нопок ғояларни илгари сурадиган материал ва постларни тарқатишдан тийилишни сўраган. 

“Зеро, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда фуқаролар орасига низо солиш, зўравонликка чақириш, ғазабга келтириш ва тартибсизликларни уюштириш билан шуғулланиб, ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлар белгиланган тартибда жазога тортилади”, дея якунланади АОКА баёноти.

Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.

Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидн қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.

Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.

Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.

Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.

Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга  бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг