“Антиструмин” ишлаб чиқарган корхона лицензияси вақтинча тўхтатилди
Жамият
−
22 Март
3645Ўзбекистонда “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “Само” масъулияти чекланган жамиятининг лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази маълум қилди.
Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси “Само” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб бораётгани ҳақида маълум қилинган эди.
Ўрганишлар натижасига кўра, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланиб, 2023 йил декабрь ойида “Само” МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида Марказ томонидан судга даъво аризаси киритилганди.
Наманганда юз берган заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд жавобгарнинг илтимосномасига кўра 2024 йил 19 январда тўхтатилди.
Аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиги учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар “Само” МЧЖнинг лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимосномаси суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирди.
Шунингдек, “Само” масъулияти чекланган жамиятига тегишли (дори воситаларини ишлаб чиқариш учун 2020 йил 30 мартда берилган) 15571-сонли лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Наманган, Андижон вилоятлари ва пойтахт Тошкентда юзлаб болалар боғча ва мактабларга тарқатилган йод препаратини истеъмол қилиб, заҳарланди. Бунинг ортидан уч мансабдор аёл эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ҳақида QALAMPIR.UZ манбасига таяниб хабар берган эдик. Кейинчалик Бош прокуратура ушбу маълумотларни тасдиқлади.
Гап шундаки, 6 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Х. (аёл) ва марказнинг лаборатория мудири, катта илмий ходими Н.А. (аёл) Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) билан қўлга олинган.
Шунингдек, 15 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва муравват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, ҳозирда АКШ фармакопеясисининт ПҚМ лойиҳасида катта техник маслаҳатчи бўлган Х.Ғ. ЖПКнинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) билан қўлга олинган.
Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг гумонланувчиларни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирган. Суд ажримига кўра, гумонланувчилар қамоққа олиниб, халқ тилида “Тоштурма” номи билан танилган – Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти биринчи минтақавий ҳудуд 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Н.А., Х.Ғ. ва Ф.Х.га Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-кисмининг "а" банди 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган илтимосномада гумон қилинувчилар оғир турдаги жиноятни содир этганлиги, очиқда қолган тақдирда тергов ва суд органидан қочиб кетиш эҳтимоли борлиги, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юбориши, жиноий фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, гувоҳларни ўзи томонга оғдиришга уринаётганлигини инобатга олиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш сўралган. Суд илтимосномада келтирилган важларни ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, илтимосномани қаноатлантирган ва гумонланувчилар қамоққа олинган.
LiveБарчаси