Анталиядан хушхабар: Ўзбекистон экология учун 100 млн евродан ортиқ маблағ жалб қилади

Жамият

−

image

Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг йирик иқлим конференцияси (COP31) ўз ишини бошлади. Бутун дунё экология муаммоларини баҳслашаётган бир пайтда, Ўзбекистон делегацияси саммитда алоҳида фаоллик кўрсатиб, мамлакат учун жуда муҳим келишувларга эришмоқда. Саммитнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон экологияси ва аҳолиси учун фойдали бўлган юз миллионлаб маблағлар жалб этилиши аниқ бўлди. 

Энг катта янгиликлардан бири – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон биргаликда йирик иқлим дастурини (CLiCA) ишга туширди. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 103,7 миллион евро инвестиция олиб кирилади. Бу пуллар шунчаки қоғозда қолмайди, балки аниқ ҳудудлар – Андижон, Фарғона, Наманган ва Сурхондарё вилоятларининг 15 та туманини ривожлантиришга сарфланади. Маблағлар ҳисобига 18 минг гектар ўрмон ва 123 минг гектар яйлов қайта тикланади, томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилиб, қурғоқчиликка чидамли экинлар экилади. Натижада 342 минг нафар қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити яхшиланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Адаптация жамғармаси ўртасида 15,4 миллион долларлик лойиҳалар портфели муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони ушбу халқаро жамғарманинг Марказий Осиёдаги бош марказини Тошкент шаҳрида очишни таклиф қилди. Агар бу таклиф маъқулланса, Оролбўйи ҳудудида қурғоқчиликка ва чанг бўронларининг олдини олиш, сунъий интеллект ёрдамида об-ҳаво хавфларини олдиндан прогноз қилиш тизимлари айнан Тошкентдан туриб бошқарилади.

Жаҳон метеорология ташкилоти билан ўтказилган музокараларда ҳам Тошкент шаҳрида чанг ва қум бўронларини кузатиш бўйича минтақавий марказ ҳамда Халқаро ҳаво сифати обсерваториясини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ҳатто об-ҳавони аниқ башорат қилиш учун Хитойнинг сунъий интеллект технологиясини (MAZU) Ўзбекистон иқлимига мослаштириш устида иш бошланди. Қўшни Туркия билан эса чиқиндиларни қайта ишлаш ва “яшил” шаҳарлар қуриш бўйича тажриба алмашиш юзасидан алоҳида келишув имзоланди.

Саммитда экологиянинг инсон соғлиғи ва руҳиятига таъсири ҳам жиддий муҳокама қилинди. БМТ жамғармалари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда иқлим ўзгаришига чидамли оналик соғлиғини муҳофаза қилиш модели яратилмоқда. Шунингдек, сув тақчиллиги ва экологик муаммолар ёшларда “иқлим хавотири”ни (келажакдан қўрқиш ҳиссини) уйғотаётгани айтилиб, уларга руҳий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалигида эса тупроқни ҳимоя қилиш ва сувни тежаш учун ерни ҳайдамасдан экиш (No-till) каби замонавий агротехнологиялар хорижлик экспертларга тақдим этилди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ўзининг иқлим саммитидаги павильонини миллий қадриятларимизни акс эттирувчи “Узумзор” концепциясида безатган бўлиб, у ерда “Яшил макон” ва “Тоза ҳаво” каби лойиҳаларимиз хорижликларга таништирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон барча халқаро ҳамкорларни 2027 йилда Тошкентда ўтадиган “Eco Expo Central Asia” кўргазмасига таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг