Аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул – ССВ

Бу қизиқ

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 10–15 январь кунлари аномал совуқ кузатилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова аномал ҳароратнинг инсон саломатлигига қандай таъсир этиши ҳамда унинг зарарли оқибатларидан сақланиш усуллари бўйича ўз тавсияларини берди.

Вазир ўринбосарига кўра, аномал совуқда алкоголь ва тамаки истеъмол қилишдан воз кечган маъқул. Боиси бу зарарли одатлар қон томирларини кескин торайтириб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади.

“Қаттиқ совуқда инсон организмидаги қон томирлар кескин тораяди. Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади. Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт”, дейди Элмира Боситхонова.

Бундан ташқари, аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори. Шу боис совқатишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим.

Бунда қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.

“Совуқ кунлари эрталаб, албатта, нонушта қилиш керак. Оч қолиш тананинг тез музлаши ва иммунитет заифлашишига сабаб бўлади. Истеъмол қилинадиган таомлар калорияси иссиқ кунларга нисбатан 25–30 фоизга оширилиши мақсадга мувофиқ. Бунда иссиқ ва суюқ овқатлар жуда фойдали. Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади”, дея таъкидлайди вазири ўринбосари.

Аввалроқ, аномал совуқ кунлари барча ходимларнинг онлайн ишлашига рухсат бериш таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди.

Озода Чориева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг