Анқарадаги терактни уюштирган 2 террорчи йўқ қилинди
Олам
−
23 Октябрь
5942Аввалроқ, Туркиянинг Анқара шаҳридаги ҳарбий самолётлар ва космик техника ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида теракт содир бўлгани хабар қилинган эди. Ушбу терактни уюштиришда гумон қилинган 2 киши йўқ қилинди, яна бир нафари эса озодликда экани айтилмоқда. Бу ҳақда “Sabah” хабар берди.
Нашрга кўра, Анқаранинг Қаҳрамонқозон туманидаги “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида маҳаллий вақт билан соат 15:20 атрофида бомба билан теракт содир бўлган. Портлаш ва отишма овозлари эшитилгач, хавфсизлик кучлари, ўт ўчирувчилар ва тез ёрдам жамоалари воқеа жойига етиб борган.
Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя бир аёл ва бир эркак террорчи йўқ қилинганини тасдиқлаб, уларнинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган. Шунингдек, у сўнгги террорчи йўқ қилинмагунча қатъият билан кураш давом этишини билдирган ва расмий манбалардан берилган баёнотларга қулоқ солишни сўраган.
“Террорчиларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда, уларнинг кимлигини билганимиздан кейин қайси террор ташкилотига тегишли эканини маълум қиламиз”, деди вазир.
Мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған BRICS саммити доирасидаги Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида 4 киши ҳалок бўлганини ва 14 жароҳатланганини маълум қилган.
“Бу қабиҳ террористик ҳужумни қоралайман, шаҳидларимизга Аллоҳдан раҳмат тилайман”, дейди у.
Мамлакат Адлия вазири Йилмаз Тунчга кўра, террористик ҳужум бўйича Анқара Бош прокуратураси томонидан тергов ишлари бошланган ва воқеани тергов қилиш учун 1 нафар Бош прокурор ўринбосари ва 8 прокурор тайинланган.
Террористик ҳужумдан сўнг ҳодиса бўйича тафсилотларни ОАВ орқали эфирга узатиш тақиқланган.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь