Ўқувчиларнинг смартфонлардан фойдаланиши тақиқланади
Олам
−
04 Октябрь 2023
7503Англия мактабларида мобиль телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия таълим вазирлиги баёнотида маълум қилинди.
Унга кўра, Қироллик Таълим вазири Жиллиан Киган Англия мактабларида мобиль қурилмаларни ишлатишни чеклашни маслаҳат берган.
“Ушбу чора-тадбирлар бузғунчи хулқ-атвор ва онлайн безориликка қарши курашишга ҳисса қўшади. Шунингдек, ўқувчиларнинг дарсга бўлган эътиборини оширади”, дейилган Таълим вазирлиги баёнотида.
Вазир кун давомида, ҳатто танаффус пайтида ҳам мобиль телефонларни ишлатмасликни тавсия этади.
Агар мактабларда ушбу талаблар тўлиқ кучга кирмаса, ҳукумат келгуси йилда мажбурий қонунчилик актини қабул қилишга мажбур бўлади.
Маълумот ўрнида, Франция, Италия ва Португалия мактабларида аллақачон дарс пайтида қўл телефонларидан фойдаланиш мумкин эмас. Аввалроқ БМТ ҳам ўқув муассасаларида смартфонларни ишлатиш хавфидан огоҳлантирган эди.
Британия ҳукуматининг билдиришича, Англиядаги мактаб ўқувчиларининг тахминан учдан бир қисми – 29 фоизи дарс пайтида смартфонларини ўйнаб ўтириши аниқланган.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси