Англия банкининг собиқ раҳбари Канада Бош вазири бўлмоқчи
Олам
−
17 Январь
1705Кеча, 16 январь куни Англия банкининг собиқ раҳбари Марк Карни ўзи туғилиб ўсган Эдмонтон шаҳрида ҳукмрон Либерал партия етакчиси лавозимида Жастин Трюдо ўрнига Канаданинг бош вазирлиги учун ўз номзодини қўйишини расман эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Агар у ғалаба қозонса, 59 ёшли Карни нафақат партияни бошқаради, балки шу йил охиридаги сайловларга қадар Канада Бош вазири бўлади.
Марк Карни канадалик ва таниқли иқтисодчи. У 2008 йилдан 2013 йилгача, глобал молиявий инқироздан кейинги дастлабки йилларда Канада Банкининг губернатори, кейин эса 2013 йилдан 2020 йилгача Англия Банкининг раҳбари бўлган, бу лавозим Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши пайтидаги нотинч йилларни қамраб олган.
“Мен кўплаб инқирозларни ҳал қилишда ва икки иқтисодиётни сақлаб қолишда иштирок этдим. Мен бизнес қандай ишлашини биламан ва уни сиз учун қандай қилиш кераклигини биламан”, деди Карни.
Карни сўнгги бир неча ой ичида Трюдонинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, аммо энди Трюдони танқид қила бошлади.
“Мен Канададаги Либерал партиянинг ягона аъзоси эмасман, у Бош вазир ва унинг жамоаси иқтисоддан тез-тез чалғиган деб ўйлайди”, деди у.
Канада Либерал партияси раҳбари лавозимига номзодлар 23 январгача давом этади ва даъвогарлар рўйхати ҳозирча маълум эмас, бироқ сиёсий кузатувчиларнинг тахминига кўра, партиянинг бир қанча таниқли арбоблари сайловда Карни билан рақобатлашади ва энг кўп жиддий даъвогар Христя Фриланд бўлиши мумкин.
Фриланд Трюдонинг собиқ бош вазир ўринбосари ва молия вазири бўлиб, декабрь ойидаёқ бу лавозимларни тарк этган.
Христя Фриланд онаси томонидан украиналик. У университетда Россия ва минтақа тарихини ўрганган, Украинада журналист бўлиб ишлаган, бош вазир ўринбосари ва молия вазири сифатида Канаданинг Украинага ёрдам кўрсатишида ва Россияга қарши санкциялар қўйишда муҳим роль ўйнаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 январь куни халққа қилган махсус мурожаатида Канада Бош вазири Жастин Трюдо ҳукмрон Либерал партия раиси лавозимини тарк этишини, аммо Бош вазирликдан партиянинг янги раҳбари сайлангандан кейин истеъфога чиқишини маълум қилганди. Шунингдек, Трюдо Канада генерал-губернатори Мери Саймондан парламент фаолиятини 24 мартгача тўхтатишни сўраган. Бу чора мухолиф партиялар томонидан январь охирига режалаштирилган ишончсизлик вотумини ўтказишга тўсқинлик қилиш учун зарур.